Жорий йилнинг 2 октябрь куни Тошкент вилояти божхона бошқармасининг “Навоий” чегара божхона пости орқали 6 та юк автотранспорт воситасида жами
303 бош йирик шохли қорамоллар Ўзбекистон Республикасига олиб кирилган.
Мазкур чорва моллари Қашқадарё вилояти Нишон туманидаги МЧЖлардан бирининг номига келтирилгани боис белгиланган тартибда божхона расмийлаштирувидан ўтказиш учун Қашқадарё вилояти божхона бошқармасининг Қарши шаҳридаги “Насаф” ташқи иқтисодий фаолият божхона постига йўналтирилади.
Ушбу ҳолатда тадбиркорга қулайлик яратиш ва божхона назоратини тезкорлик билан амалга ошириш мақсадида қорамоллар чегара-божхона постида соддалаштирилган тартибда божхона назоратидан ўтказилади ҳамда божхона тўловларини тўлаш мажбуриятини суғурталаган ҳолда юк автотранспорт воситалари божхона кузатувига олинмайди.
Аммо, бу ташувчини, яъни автотранспорт эгаларини жавобгарликдан озод қилмаслигини унутмаслик керак. Ушбу ҳолатда эса ҳайдовчилар ўзларига билдирилган ишончни суистеъмол қилиб, зиммаларидаги мажбуриятни бажаришмаган.
Ўтказилган суриштирувлар натижасига кўра, улар божхона назорати остидаги қорамолларни белгиланган манзил - Қарши шаҳрига эмас, амалдаги қонунчилик талабларига бўйсунмасдан, ўзбошимчалик билан Тошкент ва Фарғона вилоятининг турли ҳудудларида туширганликлари маълум бўлди.
Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон Республикаси Божхона кодексининг 218-моддасига кўра, божхона назорати остида турган товарлар ва (ёки) транспорт воситалари жўнатувчи божхона органидан товар келиб тушадиган божхона органига ушбу товарларни ва (ёки) транспорт воситаларини ташиш учун қабул қилган ташувчининг жавобгарлиги остида ташилиши, товар келиб тушадиган божхона органига жўнатувчи божхона органи белгилаган муддатларда ва йўналишлар бўйича ташувчи томонидан етказиб берилиши белгиланган.
Аммо, ташувчилар томонидан мазкур талаблар бажарилмаганлиги сабабли, уларга нисбатан тегишли тартибда маъмурий жавобгарликка оид иш материаллари юритилиб, амалдаги қонунчилик талабларига кўра божхона тўловларини ихтиёрий тўлаш бўйича муддат берилган.
Шунингдек, бугунги кунга қадар ушбу қорамолларни тегишли божхона режимига расмийлаштириш юзасидан божхона юк декларацияси тақдим этилмаган ва божхона тўловлари тўланмаган.
Ўрганишлар давомида, ушбу автотранспорт воситаларининг ҳайдовчилари томонидан Ўзбекистон Республикасидан чиқиб кетиш юзасидан Тошкент вилоятининг қўшни Қозоғистон Республикаси билан чегарадош бўлган божхона постларига мурожаат қилинмаганлиги маълум бўлди.
Давлат божхона қўмитаси божхона органлари фаолиятига доир холис ва ҳаққоний хабарларни эълон қилишда оммавий ахборот воситалари, кенг жамоатчилик вакиллари билан ўзаро ҳамкорликка доимо тайёр эканлигини маълум қилади.
11.10.2021