Ислоҳотлар самарасини биргина Наманган вилояти божхона бошқармаси томонидан амалга оширилган ишларнинг рақамлардаги ифодасида кўришимиз мумкин. Жорий йилнинг ўтган 9 ойи мобайнида, бошқарма томонидан 18794 та божхона юк декларациялари расмийлаштирилди.
Вилоятда экспорт божхона режимига расмийлаштирилган товарлар ҳажми 289,2 млн. АҚШ долларини ташкил этди. Экспорт товарларининг асосий қисмини тўқимачилик маҳсулотлари, калава ип, мева-сабзавот маҳсулотлари, тери маҳсулотлари, транспорт ва унинг эҳтиёт қисмлари ҳамда бошқа саноат маҳсулотлари ташкил этди.
2021 йил январь-сетябрь ойлари мобайнида Наманган вилоятидан товарлар 44 та давлатларга экспорт қилинган бўлиб, экспортнинг катта улуши Россия, Хитой, Қирғизистон, Туркия, Қозоғистон, Тожикистон, Польша, Украина, Португалия ва Афғонистон мамлакатларига тўғри келади.
Импорт қилинган маҳсулотлар орасида энг катта улуш технологик асбоб-ускуналари 37,7 фоизни, тўқимачилик маҳсулотлари 8,2 фоизни, ёғоч маҳсулотлари 8,4 фоизни, озиқ-овқат маҳсулотлари 6,1 фоизни ҳамда кимё саноати маҳсулотлари 5,9 фоизни ташкил қилган.
Шунингдек, 2021 йил январь-сентябрь ойларида Наманган вилоятига 57 давлатлардан товарлар ва хизматлар импорти амалга оширилган.
Бошқарма томонидан жорий йилнинг ўтган 9 ойи давомида импорт қилинган товарларга қонунчиликда белгиланган ставкалар асосида жами 765,5 млрд. сўм миқдорида божхона тўловлари ҳисобланиб, шундан тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш мақсадида 316,9 млрд. сўм қисмига божхона тўловларидан имтиёзлар қўлланилди ҳамда давлат бюджетига
448,6 млрд. сўм ундирилди.
Божхона органлари томонидан яширин иқтисодиётга қарши кураш, хусусан, юртимизга товарларни ноқонуний олиб киришга уриниш ҳолатларини ўз вақтида аниқлаш ва уларга барҳам бериш борасида кўплаб чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Жумладан, бошқарма томонидан
2021 йилнинг 9 ойи давомида жами 436 та қонунбузилиш ҳолатлари аниқланиб, улар бўйича 26 млрд. 659,3 млн. сўмлик товар-моддий бойликлар ҳуқуқбузарлик ашёси сифатида вақтинча сақловга олинган.
Қисқача айтганда, божхона органлари томонидан олиб борилаётган бу каби саъй-ҳаракатлардан кўзланган асосий мақсад республика иқтисодиётини янада ривожлантириш ва бу орқали халқимиз ҳаётини янада фаровон қилишга қаратилгандир.
11.10.2021