Таъкидлаш жоизки, ушбу соҳа йўналишида фаолият юритаётган тадбиркорларимизга солиқ ва божхона имтиёзлари уларнинг фаолиятида алоҳида ўрин касб этмоқда.
Юқоридагиларни инобатга олган ҳолда божхона органлари томонидан дори воситалари ва тиббий буюмлар ишлаб чиқарувчи маҳаллий тадбиркорларга амалий ёрдам бериш мақсадида жойларда мунтазам учрашувлар ташкил қилинмоқда
Хусусан, Наманган вилояти божхона бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Б.Караманов бошчилигида Янги Наманган туманида жойлашган “MERRYMED FARM” масъулияти чекланган жамияти фаолияти билан яқиндан танишиб, уларнинг таклиф мулоҳазаларини ўрганиш мақсадида учрашув ташкил қилинди.
Ушбу корхона ўз фаолиятини 2010 йилда бошлаган. Корхонанинг асосий фаолият тури тиббиёт дори воситаларини ишлаб чиқаришдан иборат. Ҳозирги кунда корхонада энг илғор замонавий хорижий давлатлардан келтирилган ускуна ва технологиялардан фойдаланилган ҳолда иш юритиб келинмоқда.
Хусусан, мазкур корхона томонидан 2021 йилнинг ўтган 9 ойи мобайнида хорижий давлатлардан 450 минг АҚШ долларлик замонавий технологик асбоб-ускуналар келтирилган бўлиб, ушбу импорт қилинган ускуналарга 67 минг АҚШ долларлик божхона тўловларидан имтиёзлар қўлланилган.
600 нафар ишчи ходимларга эга бўлган ушбу корхона томонидан
2021 йилнинг ўтган даври мобайнида 1,7 миллион АҚШ долларлик маҳсулотлар Туркманистон, Қозоғистон, Тожикистон, Афғонистон ва Қирғизистон Республикаларига экспорт қилинган.
Учрашув давомида божхоначилар томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 7 сентябрдаги “Экспортчи корхоналарни рағбатлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 6306-сон қарори мазмун-моҳияти корхона ходимларига таништириб ўтилди.
Шунингдек, учрашув давомида божхона расмийлаштируви ва назорати бўйича корхонада мавжуд муаммо ва камчиликлар ўрганилди. Соҳага оид саволларга жавоб берилди ва маҳсулотларнинг экспорт географиясини янада кенгайтириш ҳамда дори воситаларини экспорт қилиш бўйича корхона вакиллари ўзларининг таклифларини билдириб ўтишди.
Учрашув сўнгида ташқи иқтисодий фаолият иштирокчилари божхона соҳаси билан боғлиқ ҳар қандай масалалар бўйича Давлат божхона қўмитасининг қисқа рақамли 11-08 ишонч телефони ҳамда Наманган вилояти божхона бошқармасининг (69)-234-33-01 рақамларига қўнғироқ қилиб мурожаат этишлари мумкинлиги эслатиб ўтилди.
11.10.2021