Ҳозирда ушбу иллатга қарши нафақат бизнинг мамлакатимизда балки дунёдаги барча мамлакатлар қарши курашиб келмоқда. Ўтган давр давомида мамлакатимизда коррупцияга қарши курашишга оид бир қатор норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, дастурлар қабул қилинди ва улар бўйича кенг қамровли ишлар амалга оширилиб келинмоқда.
Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 29 июндаги “Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-6013-сон Фармони қабул қилиниб, ҳужжатга мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ташкил этилди ва агентликнинг коррупцияга қарши курашиш бўйича вазифаси ва ваколатлари белгилаб берилди.
Яқинда агентлик томонидан республикамизда коррупцияга оид содир этилган жиноятларга доир статистикаси эълон қилинди.
Унга кўра, 2021 йилнинг 6 ойи мобайнида 2544 нафар мансабдор шахсга нисбатан коррупция ҳолатлари билан боғлиқ бўлган 1676 та жиноят ишлари тергов қилиниб, судларга юборилган.
Қашқадарё вилояти божхона бошқармаси томонидан бошқарма ва божхона постларида хизмат олиб бораётган ходимлар ўртасида коррупцияга оид жиноятларга қўл урмаслик, аксинча қарши курашиш юзасидан доимий тарзда тушунтириш ишлари йулга қўйилган.
Шунингдек, ушбу иллатга қарши курашишда давлат органлари ва ташкилотлари билан ҳам ҳамкорликда ишлар амалга оширилмоқда. Бу борада асосий эътиборни аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтиришга, жамиятда коррупцияга қарши муросасиз муносабатни шакллантиришга қаратилган тарғибот ва ташвиқот ишлари олиб борилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, агарда ташқи иқтисодий фаолият субъектлари ва фуқароларда божхона соҳасига оид муаммо ҳамда саволлар юзага келган тақдирда, Давлат божхона қўмитасининг қисқа 11-08 ҳамда Қашқадарё вилояти божхона бошқармасининг (75) 221-04-80 рақамли ишонч телефонларига мурожаат этишлари мумкин.
9.10.2021