Ҳар қандай жамиятнинг ёши улуғ одамларга бўлган эътибори ва ғамхўрлиги унинг маданий даражасини белгилайди, десак, янглишмаган бўламиз. Соддагина, ўзбекона қилиб айтганда, кексаларга ҳурмат-эҳтиром, меҳр-оқибат кўрсатиш маънавий ҳаётимизнинг том маънода ажралмас қисмига айланган. Шу муносабат билан Божхона институтида «Кeксалар эъзози — асрий қадрият» мавзусида маънавий маърифий тадбир бўлиб ўтди. Тадбирда Ўзбекистон божхона хизмати Фахрийлар Уюшмаси Раиси Деҳқонбой Кудриддинов, Ўзбекистон божхона хизмати Фахрийлар Уюшмаси аъзоси истеъфодаги божхона хизмати генерал майори Саидазим Арипов иштирок этдилар.
Божхона хизматининг турли йўналишларида, шунингдек, раҳбар лавозимларда сидқидилдан хизмат қилган Д.Кудриддинов сўзга чиқиб, соҳанинг ривожланиш босқичларига алоҳида тўхталиб ўтди. Босиб ўтилган машаққатли меҳнат йўли, ходимларнинг оғир шароитларда олиб борган иш фаолияти, бугунги кунда соҳани янада такомиллаштириш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, соҳа ходимларининг ижтимоий ҳимоясига қаратилаётган эътибор ва ғамхўрликлар, яратилаётган шароитлар, янги қурилаётган хизмат уйлари, ватан равнақи йўлида хизмат қиламан деган ёшлар учун барча имкониятлар мавжудлигини тушунтириб, ушбу имкониятлардан тўғри фойдаланиш, ёшларнинг касбга меҳр қўйиши, зиммасига юкланган вазифаларни виждонан бажариши, халққа ҳалол хизмат қилиши, ўз устида ишлаб юқори поғоналарга кўтарилиши бўйича тегишли тавсияларини берди.
Ўзбекистон божхона хизмати Фахрийлар Уюшмаси аъзоси истеъфодаги божхона хизмати генерал майори Саидазим Арипов ҳам сўзга чиқиб, божхона ишнинг тарихи ҳақида маълумот бердилар.
Тадбирда Божхона институтида 2020/2021 ўқув йилидаги намунали натижалари учун Зиёвуддин Обакиров, Мухлиса Турсунова, Амирбек Жўраев, Собитхон Усмонов, Покиза Қурбонова, Ўғилбеги Отақулова Ўзбекистон божхона хизмати Фахрийлари уюшмаси бошқарувининг “Намунали божхона курсанти” кўкрак нишони ҳамда кўчма вимпели билан тақдирланди.
5.10.2021