Бошқа давлат идоралари ва ташкилотлари қаторида божхона органларида ҳам коррупция иллатига қарши курашиш борасида тизимли ишлар амалга оширилмоқда.
Хусусан, соҳа ходимларининг ҳалол, масъулиятли, софдил ва адолатли бўлишлари, республикамиз миқёсида коррупция иллатига қарши амалга оширилаётган ишлар билан яқиндан таништириш мақсадида Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармасида прокуратура ва Адлия органлари мутасадди ходимлари билан ҳамкорликда “Давлатимиз раҳбарининг коррупцияга қарши курашишдаги муросасиз позицияси ҳамда коррупцияга қарши курашиш сиёсатининг оралиқ натижаларини шахсий таркибга етказиш” мавзусида семинар ташкил этилди.
Семинарни Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармаси бошлиғи ўринбосари Н.Назарбаев очиб бериб, тадбир иштирокчиларига ижтимоий-иқтисодий ривожланиб бораётган мамлакатимизда божхона органлари томонидан ҳам мамлакатимиз иқтисодий хавфсизлигини таъминлашда масъулиятли вазифалар амалга оширилаётганлигини, биргина Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармаси миқёсида божхона ходимлари ўртасида коррупция, тамагирлик ва порахўрлик ҳолатларининг олдини олиш ва аниқлаш, тизимдаги коррупцион хавф-хатарларни минимум даражага тушириш бўйича амалга оширилаётган ишларга алоҳида тўхталиб ўтди.
Хусусан, 2021 йил бошидан бугунги кунга қадар коррупцияга қарши курашиш соҳасида шахсий таркиб ўртасида 42 маротаба, тадбиркорлик субъектлари билан 4 маротаба, ходимларнинг ота-оналари билан 3 маротаба йиғилишлар ташкил этилди. Йиғилишларда 3 нафар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва бошқа мутасадди идора вакиллари иштирок этди.
Жорий йилнинг январь-сентябрь ойлари давомида 228 нафар божхона ходими билан якка тартибда профилактик суҳбат ўтказилди.
Ўқув семинарида қатнашган Қорақалпоғистон Республикаси прокурорининг катта ёрдамчиси М.Нуратдинов, Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги Ҳуқуқий тарғибот ва маърифат бўлими ходими Н.Қутлимуратовалар семинар иштирокчиларига коррупцияга қарши муросасиз муносабатни шакллантириш бўйича амалга оширилаётган ишларга тўхталиб ўтиб, давлатимиз раҳбарининг коррупцияга қарши курашишдаги муросасиз позицияси бўйича тўлиқ тушунчалар беришди.
Ўқув семинари давомида бугунги кунда коррупцияга қарши курашиш соҳасида амалга оширилиши лозим бўлган вазифаларни тўла тўкис амалга ошириш, божхона тизимида шаффофликни таъминлаш, коррупцион ҳолатларнинг сабаб ва шарт шароитларини ўрганиш ҳамда уларни бартараф этиш бўйича божхона органлари олдида жуда кўплаб вазифалар белгилаб берилганлиги таъкидланди.
2.10.2021