1993 йилнинг октябрь ойида Давлат божхона қўмитаси тизимида кинология хизмати ташкил этилди. 1994 йил май ойида Республикамиз ҳукумати билан Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Марказий Осиё давлатлари ўртасида гиёҳвандлик моддалариининг ноқонуний айланишини назорат қилиш бўйича халқаро дастур лойиҳаси доирасида Миллий кинология марказини қуриш таклифи киритилди. Унга кўра, 1995 йилда қурилиш ишлари бошлаб юборилди.
1996 йил 24 октябрда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Миллий кинология хизматини ташкил этиш тўғрисида”ги 364-сонли қарори асосида минтақадаги ягона Миллий кинология марказининг ташкил этилиши божхона тизимини ривожлантиришга қаратилаётган юксак эътиборнинг ёрқин намунаси бўлди. Эътироф этиш жоизки, ушбу қарор божхона тизимининг кинология хизмати ривожида ўта муҳим ва масъулиятли янги даврни бошлаб берди.
Ушбу ноёб ва Марказий Осиёда ягона бўлган марказ зиммасига Ўзбекистон ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг кинология хизматларини услубий таъминлаш, малакали кинологларни ва наслдор хизмат итларини тайёрлаш ва қайта тайёргарликдан ўтказиш каби вазифалар юклатилган. Ўтган давр мобайнида Миллий кинология маркази нафақат республикамизда, балки бутун Марказий Осиё минтақасида том маънода кинологлар ва хизмат итларини тайёрловчи таянч ўқув марказига айланди.
Марказ фаолияти Бирлашган миллатлар ташкилоти, Жаҳон божхона ташкилоти ва бошқа кўплаб халқаро ташкилотлар томонидан қизғин қарши олиниб, юксак эътироф этилди. Жумладан, Миллий кинология марказида кинолог мутахассислар ва хизмат итларини тайёрлаш учун яратилган шарт-шароитлар кинология йўналишидаги барча талабларга жавоб бериши алоҳида таъкидланиб, марказ ходимларининг профессионал фаолияти ва бошқа бир қатор ютуқларини инобатга олиб, Ўрта Осиёда ягона ва жаҳон андозаларига тўла жавоб берувчи Миллий кинология марказига 2008 йилда Жаҳон божхона ташкилоти томонидан минтақавий кинология маркази мақоми берилди.
Марказ зиммасига тегишли идора ва вазирликлар ҳамда Давлат божхона қўмитаси учун малакали кинолог ва инструкторларни тайёрлаш, уларни қайта тайёргарликдан ўтказиш, кадрлар малакасини ошириш ва мазкур соҳа ўқув-услубий базасини яратиш ҳамда махсус итларни хизматга ўргатиш каби бир қатор вазифалар юклатилди.
Миллий кинология маркази Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, Олий Мажлис Қонунлари, Президент Фармонлари, Вазирлар Маҳкамаси қарорлари, Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси ҳуқуқий-меъёрий ҳамда Миллий кинология маркази ички меъёрий ҳужжатларига асосланган ҳолда фаолият юритади.
Миллий кинология маркази ва Бирлашган миллатлар ташкилотининг Гиёҳвандлик моддаларии устидан назорат қилиш ва жиноятларнинг олдини олиш бошқармаси томонидан «Марказий Осиёдаги минтақавий ваколатхонаси ўртасида халқаро ҳамкорлик» Дастури ишлаб чиқилган бўлиб, унинг доирасида дунёнинг турли давлатлари божхона хизматлари учун ҳам хизмат итлари тайёрлаб бериш йўлга қўйилган. Жумладан, Марказ томонидан ўтган йиллар давомида Монголия давлати, Афғонистон, Эрон Ислом Республикаси, Қозоғистон, Қирғизистон, Туркманистон, Тожикистон божхона хизматлари учун гиёҳвандлик моддаларии, қурол-аслаҳа ва портловчи моддаларни қидириб топишга ихтисослашган, шунингдек, антитеррор йўналиши бўйича 170 бош хизмат итлари тайёрланди ҳамда 173 нафар кинологлари ўқув курсларида таҳсил олди.
Ўзбекистон Республикаси билан Тожикистон Республикаси ўртасида 2018 йил 10 январдаги ҳаракатлар Режасига асосан Тожикистон Республикаси божхона хизматининг 9 нафар ходимлари (5 нафар кинолог хизмат итлари билан “гиёҳванд моддаларни қидириш” йўналиши бўйича бошланғич тайёргарлик курси ва 4 нафар кинолог “Инструкторлик” ўқув курси) учун Миллий кинология марказида 2018 йил 26 февралдан 30 апрелга қадар инструкторлик ва бошланғич тайёргарлик ўқув курсларида таҳсил олди. Тожикистон Республикаси божхона хизматининг 2018 йил 24 августдаги 008/004-7299 сонли хатида 2018 йил 16 май куни Марказда таҳсил олган кинолог Ф.Б.Ходиев “Хатик” лақабли хизмат ити ёрдамида 5205.7 грамм героин наркотик моддаси аниқлаганлигини ва ҳолат юзасидан жинояти иши қўзғатилганлигини маълум қилган.
Соҳага ахборот-коммуникацион технологияларни илғор равишда жорий қилишга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. 2014 йилда кинологлар хизматини тўлақонли ташкил қилиш, божхона назоратини амалга оширишда хизмат итларидан самарали фойдаланиш, кинология хизмати йўналишида амалга оширилаётган ишлар бўйича маълумотларни реал вақт режимида жамлаш ва таҳлил қилиш жараёнларини автоматлаштириш мақсадида “Кинология хизмати” автоматлаштирилган ахборот тизими ишлаб чиқилиб, амалиётга тадбиқ этилди.
Мазкур тизим божхона органлари ҳисобидаги хизмат итларининг ҳисобини юритиш, хизмат итлари учун ветеринария профилактик тадбирларни ўтказиш, кинолог томонидан хизмат ити ёрдамида аниқланган ҳолатларни таҳлил қилиш, божхона кўригида хизмат итларининг иштирокини таъминлаш, амалий машғулотларни ойлик режаларга асосан ўз вақтида ўтказилишини назорат қилиш ҳамда статистик ҳисоботларни юритиш имконини беради.
Шу билан бирга, хизмат итларини сақлаш уларни ҳисобини юритиш, ветеринария тадбирларини ўз вақтида ўтказилишини назорат қилиш мақсадида, халқаро тажриба ва стандартларга мувофиқ божхона органлари ҳисобидаги хизмат итларига электрон индентификацияловчи микрочиплар ўрнатилиб, ундаги маълумотлар “Кинология хизмати” ахборот тизимига киритилган.
Марказ ходимлари ўзларига бириктирилган хизмат итлари билан
2014 йил Қозоғистон Республикасининг Алма-ата шаҳрида бўлиб ўтган МДҲ давлатларининг божхона хизматлари ўртасида ўтказилган хизмат итлари билан кўпкураш мусобақасида Ўзбекистон жамоаси умумжамоа бўйича 3 ўринни эгаллаган.
2015 йилда Озарбайжон Республикасининг Баку шаҳрида бўлиб ўтган хизмат итлари билан кўпкураш мусобақасида Ўзбекистон жамоасининг 1 нафар кинологи автомашинада гиёҳванд моддаларни қидириш номинациясида 2 ўринни эгаллаган.
2016 йилда Россия Федерациясининг Москва вилоятида бўлиб ўтган хизмат итлари билан кўпкураш мусобақасида Ўзбекистон жамоасининг 1 нафар кинологи хонада гиёҳванд моддаларни қидириш йўналишида 3 ўринни эгаллаган.
2017 йилда Республикамизда бўлиб ўтган хизмат итлари билан кўпкураш мусобақасида умумжамоа ҳисобида Ўзбекистон жамоаси 1 ўринни эгаллаган.
2018 йилда Озарбайжон Республикасининг Баку шаҳрида бўлиб ўтган хизмат итлари билан кўпкураш мусобақасида Ўзбекистон жамоасининг 1 нафар кинологи шахсий ҳисобда 3 ўринни эгаллаган.
Миллий кинология марказида таҳсил олган ҳудудий божхона бошқармаларининг кичик инспектор кинологлари Марказ ходимлари томонидан тайёрланган хизмат итлари ёрдамида жойларда ўтган давр мобайнида гиёҳванд моддаларни мамлакатимиз сарҳадлари оша олиб ўтишга уринилган 2698 та ҳолат аниқланиб, 3505,6 кг. гиёҳванд моддалари ушлаб қолинган. Шунингдек 610 та ҳолатда 334 та турли ўқ отар қуроллар, 35247та ўқ, 11 105 та гильза ва 348,4 кг порох ҳамда 24 та ҳолатда 80 минг Россия рубли, 22 минг АҚШ доллари, 8100 Хитой юани, 85 Евро аниқланган.
Гиёҳванд моддалар 2698 та ҳолат
Қурол аслаҳа ва портловчи моддалар 610 та ҳолат
Миллий кинология маркази нафақат республикамиз орқали ноқонуний олиб ўтиладиган наркотик ва портловчи моддалар, қурол аслаҳа, валюта қиммаликларини олдини олишда балки минтақавий хавфсизликни таъминлашда ҳам ўзининг ҳиссасини қўшиб келмоқда.
30.10.2018