Бир неча йилдирки, юртимизда “1 октябрь – Ўқитувчи ва мураббийлар” куни умумхалқ байрами сифатида кенг нишонлаб келинмоқда. Минг-минглаб мурғак қалбларга эзгулик ёғдусини сочадиган, ўз ўқувчиларига ҳаёт мактабини берадиган мўтабар зот – ўқитувчи ва мураббийларимизга бугунги касб байрамингиз муборак бўлсин, деймиз!
Сирдарё вилояти божхона бошқармаси ходимлари ҳам тизимда самарали хизмат қилиб, юзлаб шогирдларни тарбиялаган ва тўғри йўналишларни берган устозлар – божхона фахрийлари Эрминжон Асқаров, Турғун Худойбердиев, Шоакбар Юнусов ва Эргаш Жумановларни “1 октябрь – Ўқитувчи ва мураббийлар” куни муносабати билан табриклаб, уларга эҳтиром кўрсатилди.
Ҳақиқатан ҳам, божхона тизимида ўз касбига виждонан, садоқат билан хизмат қилган, мамлакатимиз иқтисодий манфаатларини ҳимоя қилишга муносиб ҳисса қўшган ҳамда ўзларининг билим ва тажрибаларини шогирдларига ўргатган устоз – божхона фахрийлари бугунги кунда оилалари олдида нафақалик гаштини суришмоқда.
Бундан ташқари, кўз нури ва қалб қўрини, бутун онгли ҳаётини ёш авлодга билим ва тарбия беришга, уларни миллий ва умуминсоний қадриятлар руҳида камол топтиришга бағишлаган, бир сўз билан айтганда, Ватанимизнинг эртанги кунининг пойдеворини яратаётган бу каби инсонларнинг олижаноб меҳнатига ҳар қанча таҳсин айтсак оз.
Барча устоз ва мураббийларимизни Сирдарё вилояти божхона бошқармаси шахсий таркиби номидан 1 октябрь - Ўқитувчи ва мураббийлар куни билан чин қалбимиздан муборакбод этамиз.
Сирдарё вилояти
божхона бошқармаси
Ахборот хизмати
1.10.2021