Андижон вилояти божхона бошқармаси раҳбарияти ва шахсий таркиби ҳам Андижон вилояти Қўрғонтепа туманида жойлашган, туғма нуқсон билан туғилган болалар тарбияланаётган “Мурувват уйи”да мазкур болалар ҳолидан хабар олдилар.
Вилоят божхона бошқармаси бошлиғи Эркинжон Райхонов “Мурувват уйи”да тарбияланаётган болаларга яратиб берилган шарт-шароитлар, спорт, санъат каби тўгараклар фаолияти, уларнинг ётоқхоналари, дарс машғулотларини тайёрлашдаги яратилган қулайликларни юқори баҳолаб, ўзининг самимий тилакларини билдириб, болалар учун аталган эсдалик совғаларни улашдилар.
Дарҳақиқат, бугун муҳтарам Президентимиз томонидан ёшларга қаратилаётган эътибор, ёшларни ҳар соҳада ҳар томонлама қўллаб қувватлаш, улар олдида учраётган муаммоларни бартараф этишда барча раҳбарлар бирдек масъул эканлиги ҳаётий ифодасини топмоқда.
Ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, уларда фуқаролик туйғуси, бағрикенглик, қонунларга, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида камол топиши, уларда янги инновацион ғоялар туғилишига замин яратишга кўмаклашиш, иқтидорларини ривожлантиришга кўмаклашиш, тадбиркорликка жалб қилиш, зарарли таъсирлар ва оқимларга қарши тура оладиган, хаётга бўлган қатъий ишонч ва қарашларга эга қилиб тарбиялаш барчамизнинг вазифамиздир. Зеро келажак мана шу мурғак қалб эгаларининг қўлида эканлигини зинҳор унутмаслигимиз лозим.
Тадбир якунида Эркинжон Райхонов “Мурувват уйи”да хизмат олиб бораётган жамоага ўзининг самимий миннатдорчилигини ва келажакда уларни чин ватан посбони, юртимизнинг янги Чўлпонлари, Зулфиялари бўлиб камол топишларини тилаб, уларнинг ҳар бирига бошқарманинг эсдалик совғаларини топширди.
30.09.2021