Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Бухоро вилояти божхона бошқармасида “Ready4Trade Central Asia” лойиҳаси доирасида семинар тренинглар бўлиб ўтди
2806
Аввал айтиб ўтганимиздек, ҳозирги кунда халқаро савдо маркази, манфаатдор вазирлик ва идоралар билан ҳамкорликда Марказий Осиё мамлакатларида минтақалараро ва халқаро савдони ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш лойиҳаси доирасида иш олиб борилмоқда.

Мазкур лойиҳанинг мақсади Марказий Осиёда ишбилармонлик муҳитини яхшилаш, бизнес имкониятларини кенгайтириш ва трансчегаравий электрон тижорат орқали ички ва халқаро миқёсда савдони ривожлантириш ҳисобланади.

Ўтказилаётган семинар-тренингларнинг навбатдаги манзили – Бухоро вилояти бўлди.  

2021 йилнинг 28 сентябрь куни Бухоро вилояти божхона бошқармасида ўз ишини бошлаган семинар-тренинг “Хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари олий қадрият” мавзуси остида бўлиб ўтди.

Тадбирни Бухоро вилояти божхона бошқармаси бошлиғи Б.Қутлимуратов очиб берди.

Шундан сўнг сўз навбати Бухоро вилояти хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятларни таъминлаш  масалалари бўйича маслаҳат кенгаши раиси З.Туйевага берилди. З.Туйева ўз маърузасида савдода аёлларнинг иштироки муҳим макроиқтисодий фойда келтириши, вақт манбаи тадбиркор аёллар учун ҳал қилувчи аҳамиятга эга эканлиги, гендер тенгликни тарғиб қилиш қашшоқликни камайтиришдан саломатликни мустахкамлаш, таълимни яхшилаш, эркаклар ва аёллар, қизлар ва ўғил болаларнинг ҳимояси ва фаровонлигини таъминлашга қадар жамиятнинг барча соҳалари учун жуда муҳимлиги борасида тушунча берди.

Тадбир давомида, Бухоро вилояти божхона бошқармаси бошлиғининг 1-ўринбосари С.Авезов, сўнгги йилларда мамлакатимизда хотин-қизлар ҳуқуқларини таъминлаш, уларнинг давлат ва жамият қурилиши ва бошқарувидаги ролини кучайтиришга алоҳида эътибор қаратилаётганлиги боис уларнинг жамиятда тутган ўрни ҳам мустаҳкамланиб бораётганлигини таъкидлаб, семинарга ташриф буюрган экспертларга ва ташкилотчиларга миннатдорчилик билдирди.

Сўз навбати “Тадбиркор аёл” Ўзбекистон ишбилармон аёллар ассоциациясининг Бухоро вилояти бўлими Раиси Д.Аҳмедовага берилди.

"Тадбиркор аёл" Ўзбекистон ишбилармон аёллар ассоциацияси Бухоро вилояти бўлими Раиси ўринбосари М.Содиқова сўзга чиқиб, бугунги кунда хотин-қизларни тадбиркорликка кенг жалб қилиш йўналишида муҳим чора-тадбирлар амалга оширилаётганлиги, соҳадаги ислоҳотлар мамлакатимизнинг халқаро рейтинглардаги ўрнига ижобий таъсир кўрсатаётганлиги, хусусан, Жаҳон банкининг Аёллар, бизнес ва қонун индексида Ўзбекистон 2020 йилда хотин-қизлар ҳуқуқлари ва гендер тенглик бўйича аҳамиятга молик ислоҳотларни амалга оширган 27 давлат қаторига кирганлиги ҳақида сўзлаб берди.

Божхона органлари Хотин қизлар қўмитаси раиси У.Пирмуҳаммедова “Ready4Trade Central Asia” лойиҳаси доирасида “Гендер муаммоларини инобатга олган ҳолда халқаро савдо-сотиқ тартиботларини соддалаштириш” мавзусида иштирокчиларга ахборот бериб ўтди.

Шу билан бир қаторда, семинар давомида маърузачилар томонидан аёл ходимларга мазкур лойиҳанинг мазмун-моҳияти, гендер тенглиги нима эканлиги ва жамият учун қанчалик муҳимлиги, гендер омилларининг савдо билан боғлиқлиги, трансчегаравий савдода аёллар дуч келадиган муаммолар, аёлларнинг савдодаги иштирокини қўллаб-қувватлаш учун савдони соддалаштириш  жараёнлари бўйича батафсил маълумотлар берилди.

Шунингдек, тренинг давомида савдода аёлларнинг иштироки муҳим макроиқтисодий фойда келтириши, гендер тенгликни тарғиб қилиш жамиятнинг барча соҳалари учун жуда муҳимлиги, савдо билан шуғулланадиган аёлларга тадбиркорликни юритишда ёрдам берадиган тегишли чоралар кўрилса, гендер тенглигини таъминлашда кучли катализатор бўлиши мумкинлиги таъкидланди.

Тренинг сўнгида иштирокчилар томонидан берилган қизиқарли саволларга экспертлар томонидан батафсил жавоблар берилди.

28.09.2021

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг