Хусусан, Навоий вилояти божхона бошқармасида ташкил этилган ишчи гуруҳ томонидан Кармана тумани “Навоий” ЭИЗ худудида жойлашган, 2006 йилда ташкил этилган “AKFA EXTRUSIONS” МЧЖ фаолияти яқиндан ўрганилди.
“AKFA EXTRUSIONS” МЧЖ 2006 йил 15 март ойида иш фаолиятини бошлаган. Асосан, қурилиш металл конструкциялари яьни алюмин ва пластмасса профиллари ишлаб чиқаришга мослашган. Корхонани қайта жиҳозлаш ва экспортга мўлжалланган учун рақобатбардош товарлар ишлаб чиқариш учун 2021 йилнинг январь-август ойлари давомида 80,7 миллион долларлик замонавий техникаларни импорт қилинган ва айнан шу даврда 12,7 миллион долларлик товарлар экспорт қилинган. Маҳсулотлар асосан Литва, Канада, Украина, Россия, Қозоғистон давлатларига экспорт қилинган.
Навоий вилояти божхона бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари А.Рахмонов томонидан МЧЖ рахбари А.Ибрагимходжаевга Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 14 сентябрда “Махсус иқтисодий зоналар иштирокчиларини янада қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида” 5243-сонли қарори ижроси бўйича:
-2020 йил 1 январдан бошлаб махсус иқтисодий зоналар иштирокчиларига фойда солиғи бўйича имтиёзлар бекор бўлганлиги муносабати билан мазкур солиқ имтиёзларининг фойдаланилмай қолган қисми 2020 йил 1 октябрга қадар махсус иқтисодий зона иштирокчиларининг реестрига киритилган иштирокчилар учун, улар томонидан киритилган инвестициялар ҳажмидан келиб чиққан ҳолда, улар реестрга киритилган санадан бошлаб 3 йилдан 10 йилгача бўлган муддатларда тўлиқ қўлланилиши;
-махсус иқтисодий зоналар иштирокчиларига 2021 йил 15 сентябрдан бошлаб маҳсулот ишлаб чиқаришда ва ўз эҳтиёжлари учун фойдаланиладиган бутловчи буюмлар, хомашё ва материалларни импорт қилганда қўшилган қиймат солиғи ва божхона божини фоизлар ҳисобланмаган ва уларнинг тўланишини таъминлаш талаб этилмаган ҳолда 120 кунгача муддатга кечиктириб (бўлиб-бўлиб) тўлаш ҳуқуқи берилганлиги ва шунингдек, божхона соҳасида сўнгги қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар юзасидан ҳам ҳуқуқий маслаҳатлар берилди.
Ушбу мижозбай тадбирлар тадбиркорликни янада ривожланишига хизмат қилади.
27.09.2021