Шу сабабдан унга бўлган эҳтиёж ҳамиша юқори. Бу турдаги металларнинг бўлак ва чиқиндилари ҳам ўз қийматини йўқотмаслиги эса унинг аҳамиятини янада оширади. Шундай экан бу турдаги металлардан оқилона фойдаланиш, шунингдек қўшни мамлакатларга ноқонуний олиб чиқилишига йўл қўймаслик лозим.
Бу борада божхона органлари томонидан тарғибот ва тушунтириш ишлари мунтазам равишда амалга оширилмоқда. Бироқ, белгиланган тартибларни четлаб, рангли металл парчаларини республикамиз ҳудудидан ноқонуний олиб чиқилиши ҳамон кузатилмоқда.
Қашқадарё вилоят божхона бошқармаси ходимлари ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа идоралар вакиллари билан ҳамкорликда Муборак туманида тезкор тадбир ўтказилиб, фуқаро Б.Р. бошқарувидаги “ISUZI” русумли юк автотранспорт воситаси шубҳа остига олинди ҳамда холислар иштирокида кўздан кечирилди. Шубҳа ўз тасдиғини топди ва автомашина ичида сомон пресслари остига яширилган муқаддам фойдаланилган кондиционер ва аккумуляторлар ҳамда рангли металл парчалари хуфёна тарзда яширилганлиги фош этилди.
Ҳеч қандай ҳужжатлари бўлмаган қиймати 12 миллион 928 минг сўмлик, 5 тонна 824 килограмм бўлган рангли металлар “Ўзиккиламчирангметзавод” АЖнинг вилоятдаги филиалига вақтинча сақловга топширилди.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Рақамларга мурожаат этадиган бўлсак, жорий йилнинг ўтган даврида, вилоят божхона бошқармаси ходимлари томонидан 11 та ҳолатда, 26.6 тонна рангли металл парчаларининг ноқонуний айланишига чек қўйилган.
Давлат божхона қўмитаси
Ахборот хизмати
29.10.2018