Бу борада Тошкент шаҳар божхона бошқармаси Контрабандага қарши курашиш ва божхона аудити бўлими ҳамда “Чуқурсой техник идора” темир йўл чегара божхона пости ходимлари томонидан ҳамкорликда бир қатор ҳуқуқбузарликларга чек қўйилди.
Жумладан, Контрабандага қарши курашиш ва божхона аудити бўлими ходимлари томонидан хориждан темир йўл контейнерида келтирилган, ҳужжатларга асосан “трикотаж ва синтетик толали мато” товарлари белгиланган тартибда божхона кўригидан ўтказилди.
Божхона кўриги давомида йўл-юк кузатув ҳужжатларида кўрсатилган “трикотаж мато” товарлари йўқлиги, ушбу товарлар ўрнига йўл юк-кузатув хужжатларида кўрсатилмаган қиймати 1 млрд. 85 млн. сўмлик 135 984 м2 “Парда ва парда матолари” товарлари борлиги аниқланди.
Натижада, мазкур товарларга 225 млн. сўм миқдорида божхона тўловлари ҳисобланди.
Навбатдаги шунга ўхшаш ҳолатда масъулияти чекланган жамиятлардан бирининг номига келтирилган, юк ҳужжатларида “трикотаж матолар” дея кўрсатилган товарлар божхона кўригидан ўтказилганда, ҳужжатларда кўрсатилмаган қиймати 1 млрд. сўмлик, 124 444 метр “синтетик толали мато” товарлари борлиги аниқланиб, мазкур товарларга 217 млн. сўм миқдорида қўшимча божхона тўловлари ҳисобланди.
Яна бир ҳолатда эса, “Чуқурсой техник идора” темир йўл чегара божхона пости ходимлари томонидан хориждан юртимизда фаолият олиб борувчи жамиятлардан бирининг номига келтирилган синтетик толали матолар жамиятнинг ишончли вакили ҳамда холислар иштирокида божхона кўригидан ўтказилди.
Натижада, қиймати 1 млрд. 640 млн. сўмлик 71 минг 848,5 м2 шундай турдаги матолар йўл юк кузатув ҳужжатларида кўрсатилганидан ортиқча эканлиги аниқланди.
Ҳозирда юқоридаги ҳолатлар юзасидан божхона органлари томонидан суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
24.09.2021