Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Фарғонада 8 ой давомида 485 миллион долларлик товарлар экспорт қилинди
2876
Мамлакат иқтисодиётини баҳолаб берувчи ва уни ривожланишида муҳим омилларидан бири бу экспорт ҳисобланади. Барча давлатларда бўлгани каби республикамизда ҳам экспорт ҳар томонлама қўллаб-қувватланмоқда. Бунинг натижасида корхоналар томонидан товарлар экспорти йил сайин ошиб бормоқда. Бу эса ўз навбатида вилоят ҳамда республика иқтисодий салоҳиятига сезиларли даражада ўзининг ижобий таъсирини кўрсатмоқда.

Фарғона вилояти божхона бошқармаси томонидан жорий йилнинг ўтган 8 ойи давомида жами қиймати 485 миллион долларлик товарлар экспорт божхона режимига расмийлаштирилди. Бу кўрсаткич ўтган 2020 йилнинг шу даврида 346 миллион долларини ташкил этиб мос равишда 139 миллион долларига ёки 40,1 фоизга кўп демакдир.

Маҳсулотларнинг экспорти жами 58 та давлатларга амалга оширилди. Вилоятнинг асосий экспортёр давлатлари ҳисобланган Россия, Хитой, Қирғизистон ва Туркия каби давлатларга жами экспортнинг 65 фоизига тенг бўлган 315,2 миллион долларлик  товарлар экспорт қилинди.

Вилоятда экспортга йўналтирилган асосий товарларни ва уларнинг жами экспортдаги улушини қуйидаги диаграммадан кўришингиз мумкин. (1-диаграмма)

Экспортга йўналтирилган товарлар таркибини таҳлил қиладиган бўлсак, ўтган даврда экспорт қилинган товарларнинг 339 миллион долларлик қисми ёки 70 фоизини саноат маҳсулотлари, 146 миллион долларини ёки
30 фоизини қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ташкил этади.

Экспорт таркибидаги мева-сабзавот маҳсулотлари жами 27 та давлатларга, асосан Россияга 48,2 фоизга тенг бўлган 69,2 миллион долларлик, Қирғизистонга 28,7 фоизга тенг бўлган 41,3 миллион долларлик, Қозоғистонга 19,7 фоизга тенг бўлган 28,3 миллион долларлик, Украинага 1 фоизга тенг бўлган 1,4 миллион долларлик ва 2,4 фоиз қисмига тенг бўлган 3,44 миллион долларлик маҳсулотларга тўғри келмоқда.

Фарғона вилоятида ишлаб чиқарилган калава ип, тўқимачилик маҳсулотлари, керамика буюмлари, автомобиль эҳтиёт қисмлари ва оёқ кийимлар каби товарларга хорижда талабнинг ортиши натижасида мос равишда ушбу товарларнинг экспорт ҳажми ҳам ўртача ҳисобда 43,5 фоиз ўсганини кўришимиз мумкин.

Вилоятдан экспорт қилинган товарлар таркибини жами 741 та ташқи иқтисодий фаолият товар номенклатураси кодига мансуб бўлган товарлар ташкил этди.

Ҳисобот даврида экспорт фаолияти билан шуғулланган тадбиркорлик субъектларининг сони 583 тани ташкил этди. Мамлакатимизда экспортни қўллаб-қувватланаётганлиги ва экспортёр корхоналарга берилаётган имтиёзлар сабаб 2020 йилнинг мос даврига нисбатан тадбиркорлар сони 9,8 фоизга ёки 52 нафарга  кўпайганини кўришимиз мумкин.

Вилоят миқёсида тадбиркорлар томонидан экспортга йўналтирилаётган товарларнинг божхона расмийлаштируви ва назоратини тезкорлик билан ҳамда сифатли амалга оширилишини таъминлаш мақсадида Фарғона вилояти божхона бошқармасининг жами 5 та ташқи иқтисодий фаолият божхона постлари ва улар таркибида ташкил этилган экспортга кўмаклашиш марказлари томонидан сутканинг исталган вақтида хизмат олиб борилиши ташкил этилган. Бундан ташқари божхона соҳасига “рақамли божхона” ҳамда хавфни бошқариш тизимларини ташкил этилиши экспорт жараёнларини янада тезлаштирилишига хизмат қилмоқда.

 

22.09.2021

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг