Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармасида “Божхонада терговга қадар суриштирув: муаммолар ва уларнинг ечими” мавзусида ўқув-амалий семинари ташкил этилди
999
Божхона тизимининг суриштирув йўналишида хизмат қилаётган ходимларнинг ҳуқуқий саводхонлигини янада ошириш, терговга қадар текширув ва суриштирув фаолиятини мувофиқлаштириш ҳамда амалиётни бирхиллаштириш мақсадида Давлат божхона қўмитаси масъул ходимлари томонидан Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармасида ўтказилган сайёр ўқув машғулотлари доирасида “Божхонада терговга қадар суриштирув: муаммолар ва уларнинг ечими” мавзусида ўқув-амалий семинари ташкил этилди.
Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармасида “Божхонада терговга қадар суриштирув: муаммолар ва уларнинг ечими” мавзусида ўқув-амалий семинари ташкил этилди

Семинарда ДБҚ Суриштирув ва маъмурий амалиёт бошқармаси бошлиғи А.Аҳлимирзаев, бошқарма бош инспектори М.Хожамуратов, Жиноят ишлари бўйича Қорақалпоғистон Республикаси суди судьялари А.Бекманов, А.Ю.Сафаров, Қорақалпоғистон Республикаси прокурорининг катта ёрдамчиси адлия маслаҳатчиси М.А.Нуратдинов ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилояти божхона бошқармалари суриштирув ва амалиёт бўлими ходимлари иштирок этишди.

Тадбир давомида божхона органлари томонидан аниқланаётган ҳуқуқбузарликлар бўйича прокурор назоратини амалга оширишда ҳамда суд амалиётида мавжуд муаммолар, йўл қўйилаётган хато-камчиликларга алоҳида тўхталиб, уларни бартараф этиш бўйича мутасадди соҳа вакиллари томонидан тавсиялар берилди.

Хусусан, семинарда жиноят ишлари бўйича Қорақалпоғистон Республикаси суди судьяси А.Бекманов, божхона органларида суриштирув йўналишида ўзига хос мактаб шаклланиб улгурганлигини, судга оширилаётган материалларнинг ҳар томонлама далиллар билан асосланганлигини таъкидлаб, расмийлаштирилаётган иш материалларида ҳуқуқбузарнинг ўз тилида ёки ўзи тушунадиган тилда кўрсатма беришини, зарурат туғилганида таржимон иштирокини таъминлашни, ҳуқуқбузарларга МЖтКда белгилаб кўрсатилган ҳуқуқ ва мажбуриятларини тўғри тушунтирган ҳолда таништиришни, Ўзбекистон Республикаси Олий суд пленумининг “Далиллар мақбуллигига оид жиноят-процессуал қонуни нормаларини қўллашнинг айрим масалалари тўғрисида”ги қарорининг 3-банди, Ўзбекистон Республикаси ЖПКнинг 951-моддасига кўра, далилларнинг мақбул эмас деб топилиши ҳолатларига алоҳида эътибор қаратиш бўйича зарур тавсиялар берди.

Ўзаро фикр ва амалиёт алмашиш, шунингдек, назария ва амалиёт ўртасидаги тафовутлар мунозарасига бой бўлган ўқув-амалий семинарда Қорақалпоғистон Республикаси прокурорининг катта ёрдамчиси, адлия маслаҳатчиси М.А.Нуратдинов божхона органлари томонидан аниқланаётган ҳуқуқбузарлик ҳолатлари прокурор томонидан назорат тартибда ўрганиб келинаётганлигини таъкидлаб ўтди. Божхона органлари томонидан ҳуқуқбузарларга нисбатан юритилаётган дастлабки процессуал ҳужжатларни расмийлаштиришда амалдаги ЖПК, МЖтК, БК талабларига қатъий риоя қилиш, шу билан биргаликда, “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги Қонун ва “Давлат органларида, давлат муассасаларида ва давлат иштирокидаги ташкилотларда жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш тартиби тўғрисида”ги низом талабларини аниқ ва бир хилда бажарилишига алоҳида тўхталиб ўтди.    

Суриштирув йўналишида хизмат қилаётган божхона ходимлари учун ташкил этилаётган бу каби сайёр ўқув машғулотлари ҳамда ўқув-амалий семинарлар суриштирув соҳасида мавжуд муаммо ва камчиликларга мутасадди ташкилот ва идоралар билан ҳамкорликда жавоб топиб, божхонага оид ҳуқуқбузарликлар бўйича юритилаётган иш ҳужжатларининг қонунчилик талаблари асосида янада ҳаққоний юритилишига замин яратади.   

22.09.2021

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг