Сирдарё вилояти божхона бошқармасида айнан Абу Наср Фаробийнинг ҳаёти ва ижодига бағишлаб, Республика Маънавият ва маърифат маркази вилоят бўлими билан ҳамкорликда навбатдаги маънавий-маърифий тадбир ўтказилди.
Мазкур тадбирда, Республика Маънавият ва маърифат маркази вилоят “Маърифат” тарғиботчилар жамияти аъзоси, Гулистон давлат университети профессори Р.Махмудов ҳамда Маънавият ва маърифат маркази Гулистон шаҳар бўлинмаси раҳбари ўринбосари Ш.Бектурдиевлар томонидан Абу Наср Фаробийнинг шахси ва ижоди, унинг жаҳон маданиятига қўшган ҳиссаси, шунингдек, “Фозил одамлар шаҳри” ва бошқа асарларида илгари сурилган ахлоқий тарбиянинг муҳим жиҳатлари ҳақида фикр юритилди.
Шунингдек, ўрта асрнинг бир қанча илмий ютуқлари, умуман Яқин ва Ўрта Шарқ мамлакатларида тараққийпарвар ижтимоий-фалсафий тафаккур ривожи унинг номи билан боғлиқлиги, Фаробий ўз замонаси илмларининг барча соҳасини мукаммал билган ва бу илмлар ривожига катта хисса қўшганлиги, юнон фалсафасини шарҳлаб, дунёга кенг танитгани туфайли Шарқ мамлакатларида унинг номи улуғланиб, “Ал-муаллим ас-соний” – “Иккинчи муаллим” (Аристотелдан кейин), “Шарқ Арастуси” номи билан юритилиши бежизга эмаслиги таъкидланди.
Тадбир давомида, маърузачилар томонидан Абу Наср Фаробийнинг ўрта асрлар давридаги илми ва асарларининг бугунги кундаги ҳаётимизга қай даражада ижобий таъсир кўрсатаётганлиги мисоллар билан келтириб ўтилди.
Юқори савияда ташкил этилган мазкур тадбирда маънавият тарғиботчилари томонидан қилинган маърузалардан ходимлар ўзларига маънавий озуқа олдилар.
20.09.2021