Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Жиззахда самарали фаолият кўрсатаётган қўшма корхонага ташриф уюштирилди
1446
Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш, божхона соҳасида уларга қулай шарт-шароитларни яратиб бериш, мақсадида Жиззах вилояти божхона бошқармаси бошлиғи Ш.Салихов Фориш туманида жойлашган “Mega Invest Industrial” қўшма корхонасига ташриф буюрди.
Жиззахда самарали фаолият кўрсатаётган қўшма корхонага ташриф уюштирилди

2017 йилда фаолиятини бошлаган корхонада базальт тоши қайта ишланиб, базальт толаси ва арматураси, йўл қурилишида зарур бўладиган симли сеткалар ишлаб чиқарилади. Айни пайтда лойиҳанинг биринчи ва иккинчи босқичи ишга туширилган. Қолаверса, Германия, Франция, Италия, Россия, Туркия каби давлатлардан божхона тўловларидан имтиёз асосида замонавий технологиялар келтириб ўрнатилган. Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш мақсадида мазкур корхонага 47,6 млрд сўмлик божхона тўловларидан имтиёз берилган.

Айни пайтда 300 дан ортиқ аҳоли вакиллари ва ёшлар бандлиги таъминланган ушбу корхонанинг 2021 йилдаги экспорт кўрсаткичлари салкам 500 минг АҚШ долларини ташкил этади. “Жиззах” ТИФ божхона постида товарлар расмийлаштирилиб, Россия ва Туркия давлатларига экспорт қилинган. Яқин вақт ичида корхонанинг кейинги босқичлари ҳам ишга туширилиши режалаштирилган бўлиб, кейинчалик бу ерда бир йилда 4 минг тонна базальт толаси ва 4 минг 800 тонна арматура тайёрланади. 

Базальт арматурасининг афзаллиги шундаки, у металл арматурасидан  8 баробар енгил, 3 баробар мустаҳкам, 30 фоиз арзон. Қолаверса, зангламайди, электр токини ўтказмайди, 100 йилгача ўз хусусиятини йўқотмайди.

Бошқарма бошлиғи корхона фаолияти билан танишиш баробарида унинг ишлаб чиқариш ҳажмини ва экспорт салоҳиятини янада ошириш борасида ўз фикр ва таклифларини билдирди. Қолаверса, учрашувда экспорт-импорт жараёнларида замонавий божхона хизматлари ва қулай шарт-шароитлар мунтазам йўлга қўйилганлиги, ундан тадбиркорларимиз унумли фойдаланиши лозимлиги алоҳида таъкидланди.

18.09.2021

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг