Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Божхоначиларнинг суриштирув ва маъмурий амалиёт йўналишидаги кўникмалари оширилмоқда
10621
Божхона органлари товар ва транспорт воситаларининг божхона чегаралари орқали ноқонуний олиб ўтилиши ва ички ҳудудларда муомалада бўлиши, қонун билан тақиқланган товарлар айланмасига қарши, шунингдек, божхонага оид қонунчилик меъёрларининг бузилиши билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар бўйича тергов ҳаракатларини олиб бориш ва тегишлилиги бўйича маъмурий ёки жиноий иш қўзғатиш ваколатига эга.
Божхоначиларнинг суриштирув ва маъмурий амалиёт йўналишидаги кўникмалари оширилмоқда

Бугунги кунда божхона ходимларининг, шу жумладан, инспектор-суриштирувчиларнинг ҳуқуқий саводхонлигини янада ошириш, терговга қадар текширув ва суриштирув фаолиятини мувофиқлаштириш ҳамда амалиётни бирхиллаштириш мақсадида Давлат божхона қўмитаси масъул ходимлари томонидан Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармасида сайёр ўқув машғулотлари ташкил этилмоқда.

Сайёр ўқув машғулотларига Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилояти божхона бошқармаларида суриштирув йўналишида хизмат қилаётган  ходимлар жалб қилинган бўлиб, ўқув машғулотининг биринчи кунида ДБҚ масъул бошқарма бош инспектори М.Хожамуратов ва Қорақалпоқ Давлат университети профессор-ўқитувчилари томонидан ҳуқуқбузарликларга қарши курашиш, терговга қадар текширув ва суриштирувни амалга оширишда божхона органларининг вазифа ва ваколатлари, дастлабки процессуал ҳужжатларни расмийлаштириш, терговга қадар текширув ва суриштирув жараёнида йўл қўйилаётган хато-камчиликлар ҳамда келгусида уларнинг олдини олиш бўйича амалга оширилиши лозим бўлган ишлар, шунингдек, терговга қадар текширув ва суриштирувни амалга оширишда юзага келаётган муаммолар, уларнинг келиб чиқиш сабаблари ва ҳуқуқий ечимларига батафсил тўхталиб ўтилди.

Ўқув дарсининг биринчи куни давомида ходимлар ташқи иқтисодий фаолият соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар бўйича терговга қадар текширувни амалга ошириш, малакалаш ва қарор қабул қилишнинг ўзига хос хусусиятлари бўйича ҳам ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олиб,  амалиётда муаммоли бўлган вазиятлар ечими бўйича фикр алмашишди.

Маълумот ўрнида таъкидлаш жоизки, биргина Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармаси томонидан жорий йил бошидан ўтган 8 ой давомида 245 та ҳуқуқбузарлик ҳолати аниқланиб, қиймати 3 миллиард 360 миллион сўмлик товар-моддий бойликлар ашёвий далил тариқасида ушлаб қолинган.

Шундан 7 та ҳолатда бошқарманинг суриштирув ва маъмурий амалиёт бўлими томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилган.

Бошқарма томонидан ТИФ соҳасига оид 141 та божхона қонунбузилиши ҳолатлари аниқланган бўлиб, божхона расмийлаштируви бўйича мутахассисларга нисбатан 28 та ҳуқуқбузарлик ҳолатлари юритилган.

Ўқув дарси давомида қўзғатилган маъмурий ва жиноий ишлар соҳа мутахассислари томонидан таркиби бўйича кенг таҳлил қилиниб, улар ичида хато-камчиликка йўл қўйилган ҳолатлар, амалиётда учраётган муаммоли вазиятлар бўйича алоҳида тушунтириш ишлари олиб борилди, мавжуд муаммо ва камчиликларга ечим топилди.

Божхона органларининг суриштирув йўналишида хизмат қилаётган ходимларнинг билим ва кўникмаларини ошириш мақсадида ташкил этилаётган сайёр ўқув курслари давом этмоқда. Курс якуни бўйича эса ходимларнинг олган билимини мустаҳкамлаш бўйича тест синовлари қабул қилиниши режалаштирилган.  

 

 

 

 

18.09.2021

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг