Давлат божхона қўмитасининг “Тошкент-АЭРО” ихтисослаштирилган божхона комплекси тезкор тузилмалари томонидан Давлат хавфсизлик хизмати билан ҳамкорликда пойтахтимизнинг Чилонзор туманида кўп босқичли тезкор тадбир ўтказилди.
Тезкор тадбирда аввалдан кузатувга олинган фуқаро бошқарувидаги “Кобальт” автомашинаси тўхтатилиб, белгиланган тартибда кўздан кечирилганида, автомашина салонида жами 3 бўлакдан иборат 82 гр. оғирликдаги гашиш гиёҳвандлик воситаси ҳамда уларни ўлчашда фойдаланилган кичик электрон тарози борлиги аниқланди.
Шундан сўнг тезкор тадбир давом эттирилиб, Чилонзор туманида яна бир шахс қўлга олинди. Унинг ёнидаги қўл сумкаси кўздан кечирилганида, ушбу шахс 9 дона ўрамларда гиёҳвандлик воситаларини олиб кетаётганлиги фош бўлди.
Экспертиза хулосасига кўра, мазкур ўрамлардаги моддалар 5 кг. 219 гр.дан зиёд “гашиш” ва 29,68 гр. оғирликдаги “опий” гиёҳвандлик моддаси бўлиб чиқди.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан божхона органлари томонидан жиноят иши қўзғатилди.
Таъкидлаш жоизки, республикамиз божхоначилари томонидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа идоралар вакиллари билан ҳамкорликда жорий йилнинг ўтган 8 ойи мобайнида оғирлиги 271 кг.дан ортиқ гиёҳвандилик воситаларининг ноқонуний айланмасига чек қўйилган.
18.09.2021