Хусусан, бу борада Қашқадарё вилоятида ҳам ижобий ишлар амалга оширилди.
Рақамларга кўра, жорий йилнинг ўтган тўққиз ойида товарлар экспорти ҳажми ўтган йилга нисбатан 26,7 миллион АҚШ долларига ёки 18,1 фоизга ўсган.
Бу каби ижобий натижаларга эришишда вилоятда фаолият юритаётган 100 дан зиёд экспортёр корхоналар ўз хиссаларини қўшди.
Хусусан, Шаҳрисабз шаҳрида жойлашган “Oq-saroy textile” МЧЖ бугунги кунда воҳада ўз ўрнига эга бўлган корхоналардан саналади. Айни пайтда корхонада трикотаж ҳамда ип калава маҳсулотлари ишлаб чиқарилмоқда. Маҳсулотларнинг асосий қисми чет давлатларга экспортга йўналтирилмоқда. Аниқ рақамларга кўра, корхона томонидан жорий йилнинг ўтган 9 ойида 4,6 миллион АҚШ доллари қийматидаги маҳсулотлар Хитой, Туркия, Украина ва Белоруссияга экспорт қилинган.
– Мазкур корхона томонидан ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш ҳамда маҳсулотлар сифатини янада яхшилаш мақсадида чет давлатлардан замонавий тўқув ускуналари олиб келинди, – дейди “Китоб” ТИФ божхона пости бошлиғи Ботир Жавлиев. – Мамлакатимизда тадбиркорларга берилаётган эътибор туфайли ушбу ускуналарга 11,6 миллиард сўмлик божхона тўловларидан имтиёзлар қўлланилди.
Бундан ташқари, божхона пости ходимлари томонидан ҳам яқиндан амалий ёрдам кўрсатилмоқда. Мисол учун, жорий йилнинг ўтган даври мобайнида экспорт-импорт товарларини божхона расмийлаштируви учун тақдим этилган 132 та божхона юк декларациялари юз фоиз электрон тарзда, масофадан туриб расмийлаштириб берилди. Бу эса, корхона вакилларини вақтини, қолаверса маблағини тежайди.
Дарҳақиқат, мазкур корхона иш фаолиятини бошлаганига 10 йил тўлди. Жорий йилда 140 та янги иш ўрни яратилди ва ҳудудда истиқомат қилувчи маҳаллий аҳолиларнинг иш билан бандлиги таъминланди. Бугунги кунда корхонада 660 нафар ишчи меҳнат қилади.
26.10.2018