Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Божхоначилар қарийб 11,9 млрд. сўмлик товарларни алмаштириб қўйиш операциясини фош қилишди
1498
Республикамиз божхоначилари хориждан келтирилган товарлар учун божхона тўловларидан бўйин товлаш мақсадида содир этилган навбатдаги найрангга чек қўйишди.
Божхоначилар қарийб 11,9 млрд. сўмлик товарларни алмаштириб қўйиш операциясини фош қилишди

Давлат божхона қўмитаси ва унинг Фарғона, Навоий, Наманган ва Самарқанд вилоятлари бўйича бошқармалари тезкор тузилмалари томонидан ўтказилган кенг қамровли тезкор тадбирлар давомида республика ҳудудига импорт тарзида олиб кирилган товар-моддий бойликларини божхона расмийлаштирувига қадар алмаштириб қўйишга бўлган уринишларга чек қўйилди.

Гап шундаки, Тошкент вилоятида рўйхатдан ўтказилган тадбиркорлик субъектларидан бирининг номига хориждан келтирилган юк контейнеридаги товарлар, яъни косметика ва пардоз воситалари белгиланган тартибда расмийлаштириш учун “Қўқон” ташқи иқтисодий фаолият божхона постига йўналтирилади.

Аммо, мазкур контейнердаги товарлар белгиланган тартибда кўздан кечирилганида эса, косметика ва пардоз воситалари ўрнига салкам 1,5 тонна шиша идишлар ҳамда 21 тоннадан зиёд кир ювиш кукунлари ортилганлиги аниқланди. Бу эса юклар йўл давомида алмаштириб қўйилганлигини англатар эди.

Мазкур контейнердаги товарлар дастлаб пойтахтнинг Бектемир туманидаги омборлардан бирига тушириб қолдирилган ва бу ердан товарлар бошқа транспорт воситасига ортилиб, олиб чиқиб кетилганлиги маълум бўлди.

Қарангки, юклар Самарқанд вилояти Ургут туманидаги тадбиркорлардан бирининг омборига туширилган экан.

Мазкур омбор белгиланган тартибда кўздан кечирилганида, бу ерда 461 турдаги салкам 721 минг дона косметика ва пардоз воситалари, шунингдек шиша идишлар ва кир ювиш кукунлари сақланаётганлиги аниқланди.

Ушбу товарларнинг умумий қиймати эса 11 млрд. 881 млн. 700 минг сўмни ташкил қилмоқда. 

Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан божхона органлари томонидан жиноят иши қўзғатилди.

Таъкидлаш жоизки, йил бошидан буён республикамиз божхоначилари томонидан аниқланган 7700 дан ортиқ божхона қонунбузилиши ҳолатларида 547 млрд. сўмлик товарларнинг ноқонуний олиб ўтилишига чек қўйилган.

17.09.2021

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг