Коррупция давлатни ич-ичидан емириши жаҳондаги баъзи давлатлар тажрибасидан яхши маълум.
Шундай экан, миллат заволи саналган коррупцияга қарши муросасиз муносабатни шакллантириш, уни томири билан қўпориб ташлаш бугун ҳар бир миллат ва давлат олдида турган долзарб масалалар сирасига киради.
Бошқа давлат идоралари ва ташкилотлари қаторида божхона органларида ҳам коррупция иллатига қарши курашиш борасида тизимли ишлар амалга оширилмоқда.
Хусусан, жорий йилнинг январь-август ойлари давомида Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармаси томонидан шахсий таркиб орасида хизмат интизомини мустаҳкамлаш ва жиноятчиликнинг олдини олиш, тамагирлик иллатлари келиб чиқишининг олдини олиш бўйича 33 маротаба нодавлат нотижорат ташкилотлари, Прокуратура, ДХХ ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар масъул ходимлари ҳамда ходимларнинг оила-аъзолари иштирокида профилактик йиғилишлар ўтказилди.
Божхона ходимларининг ҳалол, масъулиятли, софдил ва адолатли бўлишлари юзасидан доимий равишда тарғибот ташвиқот ишлари олиб борилиши йўлга қўйилган бўлиб, профилактика мақсадида ички хавфсизликни таъминлаш, коррупция ва бошқа ножўя хатти-ҳаракатларнинг олдини олиш бўйича 14 маротаба шахсий таркиб эътиборига Коррупцияга қарши курашиш ва ўз хавфсизлик бўлими томонидан тайёрланган маърузалар ўқиб эшиттирилди.
Шунингдек, ушбу йўналишда 3 маротаба божхона ходимларининг яқин қариндошлари билан учрашувлар ташкил этилди.
Бу каби амалга оширилаётган тадбирлардан кўзланган асосий мақсад божхона ходимларининг коррупциясиз ҳалол хизмат қилишлари учун имконият ва шароитлар яратиш, бутун мамлакатимиз миқёсида мазкур иллатнинг завол топишига эришишдир.
Шу ўринда таъкидлаш жоизки, барча жисмоний ҳамда юридик шахслар, божхона соҳасига оид саволлари ҳамда мурожаатларни Давлат божхона қўмитасининг 11-08 ёки Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқамасидаги (61)224-90-86 ишонч рақамларига қўнғироқ қилиб йўллашлари мумкин.
15.09.2021