Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Экспортчи корхоналарни рағбатлантириш – миллий маҳсулотларни кўпайишига хизмат қилади
1415
Мамлакатимизнинг тўқимачилик саноати ташқи бозорга юқори қўшимча қийматга эга тайёр маҳсулотлар етказиб бераётган истиқболли етакчи соҳа ҳисобланади.
Экспортчи корхоналарни рағбатлантириш – миллий маҳсулотларни кўпайишига хизмат қилади

Хоразм вилоятида ҳам мазкур соҳада фаолият юритаётган тадбиркорлик субъектлари, экспортёр корхоналарнинг ишлаб чиқариш жараёнлари билан яқиндан танишиш, уларни муаммоларини ўрганиш ва жойида ечимини топиш бўйича вилоятда тузилган ишчи гуруҳи томонидан Урганч шаҳрида жойлашган “Uztex Urganch” масъулияти чекланган жамияти ва “Bahmal Group” компаниясининг мутасадди раҳбарлари иштирокида учрашув ўтказилди.

Хоразм вилояти божхона бошқармаси бошлиғи И.Казаков бошчилигидаги ишчи гуруҳ дастлаб, “Uztex Urganch” тўқимачилик корхонасида бўлишди.

Вилоятда янги барпо этилган табиий пахта толасидан юқори сифатли, рақобатбардош тикув трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган корхонанинг самарали фаолияти вилоят саноат салоҳиятини ривожлантиришга муносиб ҳиссасини қўшиб келмоқда.

  • Энг асосийси мазкур корхонада сифатли ва экспортбоп бўлган
    20 хилдан ортиқ трикотаж маҳсулотларининг 30 фоизи ички бозорга чиқарилаётган бўлса, қолган 70 фоизини ташқи бозорларга хусусан, Россия, Германия, Грузия, Молдовия, Бирлашган Араб Амирлиги, Озарбайжон, Беларусия ва Қозоғистон давлатларига экспорт қилинмоқда – дейди корхона бўлим бошлиғи Д.Қақаев.

Кейинги манзил, 2005 йилда ташкил этилган республикадаги энг йирик 11 та (3 та тўқимачилик, 6 та тикувчилик, 1 та ипакчилик ва 1 та мато бўёқловчи) корхонани ўз ичига олган тўқимачилик компанияси бўлган “Bahmal Group” бўлди.   

Мазкур компанияда пахта матолари, чойшаблар тўплами, ошхона сочиқлари, рўмолча, эркаклар куйлаги ва бошқа 30 хил турдаги тайёр тўқимачилик маҳсулотлари ишлаб чиқарилади.

Компания экспортига назар ташласак, 2020 йилда 4,3 млн. АҚШ долларлик маҳсулотлар экспорт қилинган бўлса, бу кўрсаткич 2021 йилнинг ўтган даврида 5,5 млн. АҚШ долларига ёки 28 фоизга ошган. Трикотаж маҳсулотлари асосан, Россия, МДҲ давлатлари (Қирғизистон, Қозоғистон, Беларусия ва Озарбайжон), Европа давлатларига (Чехия, Польша) экспорт қилинмоқда.

Бундан ташқари, мазкур корхонага 2020-2021 йилларда импорт қилинган, 4,8 млн. АҚШ долларлик замонавий дастгоҳларга 5,8 млрд. сўмлик божхона тўловларидан имтиёз берилган.

Корхонага сафаримиз давомида корхонани экспорт салоҳиятини ошириш ҳамда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар сифатини яхшилаш бўйича корхонага ташриф буюрган Покистон Ислом Республикасидан келган мутахассислар билан фикр алмашилди.

Жаҳон бозорига юқори сифатли, рақобатбардош тўқимачилик маҳсулотларини етказиб беришда замонавий технологик дастгоҳларни ўрни катта. Австрия давлатидан олиб келинган бир кунда 30 минг метр пахта ипли гулли газламаларни ишлаб чиқариш қувватига эга бўлган матоларга гул босувчи замонавий дастгоҳлар ўрнатилмоқда. Шунингдек, компания бутун Ўзбекистон бўйлаб чакана савдо қиладиган ўзининг 4 та савдо дўконлари тармоғига эга. Компания негизидаги корхоналарда 600 нафардан зиёд ишчи ходимлар бандлиги таъминланган. 

  • Маҳсулотларимизни қисқа муддатда экспорт божхона режимига расмийлаштирилишида албатта вилоят божхона бошқармасининг “Урганч” ташқи иқтисодий фаолияти божхона пости ходимлари ҳам амалий ёрдам кўрсатиб келмоқда – дейди компаниянинг тижорат департаменти директори Б.Худайберганов.

Учрашувлар давомида, республикамизнинг экспорт салоҳиятини ошириш, экспортчи корхоналарни молиявий қўллаб-қувватлашни янада кучайтириш, миллий маҳсулотларнинг ташқи бозорлардаги рақобатбардошлигини мустаҳкамлаш ва валюта тушумларини кўпайтириш, шунингдек, тадбиркорларнинг муаммо ва таклифларини бевосита ўрганиш ҳамда тадбиркорликни келгусида ривожлантиришнинг асосий йўналишларини белгилаб олиш бўйича 2021 йил 20 август куни ўтказилган Ўзбекистон Республикаси Президентининг тадбиркорлар билан очиқ мулоқоти доирасида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида 2021 йил 7 сентябрда қабул қилинган “Экспортчи корхоналарни рағбатлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” фармони мазмун-моҳияти тушунтирилди.

Шунингдек, бугунги кунда божхона назорати ва расмийлаштируви жараёнида яратилган қулайликлар, тадбиркорларга божхона тўловларидан берилаётган имтиёзлар, ташқи иқтисодий фаолият қатнашчиларига янада сифатли хизмат кўрсатиш, улар фаолиятини амалга оширишда тўсиқ бўлаётган муаммоларни тезкорлик билан ҳал этиш бўйича таклифлар ўрганилиб, амалий ёрдам кўрсатилиши белгилаб олинди.

Корхоналарга ташрифимиз якунида божхона органларида коррупцияга қарши курашиш бўйича олиб борилаётган ишлар ҳақида батафсил тўхталиб, божхона соҳаси билан боғлиқ бўлган ҳар қандай масалалар, божхона ходимлари томонидан божхона расмийлаштируви ва кўрикларда асоссиз сансалорликка ёки тўсиқларга йўл қўйилса, Давлат божхона қўмитасининг қисқа 11-08 рақамли “Ишонч телефони”га ёки Хоразм вилояти божхона бошқармасининг (62)227-70-11 телефон рақамига мурожаат этишлари мумкинлиги эслатиб ўтилди.

15.09.2021

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг