Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Фаолият сарҳисоб қилинди
2975
Мамлакат экспорт салоҳиятининг ортиши иқтисодиётни юксалтиради, иш ўринлари барқарорлигини таъминлашга хизмат қилади.

Шу боис давлатимиз томонидан ушбу соҳани янада ривожлантириш, экспортёрларга қулай шарт-шароит яратиш, уларга кенг имтиёз ва имкониятлар бериш ҳамда уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасида муҳим ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

Хусусан, биргина Бухоро вилояти божхоначиларининг ўтган 8 ой давомида эришган натижаларига тўхталадиган бўлсак, вилоятда ташқи иқтисодий фаолият иштирокчиларини қўллаб-қувватлаш, экспорт-импорт операцияларини жадаллик билан амалга оширишларида кўмаклашиш борасида божхоначилар томонидан сезиларли ишлар амалга оширилиб келинмоқда.

Энг муҳими эса, давлатимиз томонидан тадбиркорларни қўллаб-қувватлашга қаратилган ислоҳотлар доирасида корхоналарга божхона тўловларидан 636,6 млрд. сўмлик имтиёзлар қўлланилди.

Бу эса вилоятда тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқариш ва хорижга экспорт қилишни муносиб рағбатлантирмоқда.

Масалан, 8 ойда вилоятдан 118,6 млн. АҚШ доллари қийматидаги товарлар хорижга экспорт қилинди. 2020 йилнинг шу даврига нисбатан бу кўрсаткич 48,6 фоизга ошди.

Жорий йилнинг шу даврига қадар “Хавфни бошқариш автоматлаштирилган ахборот тизими” орқали жами 23 413 та божхона юк декларациялари, шундан 5 137 таси “яшил йўлак” (22 %), 11 966 таси “сариқ йўлак” (51 %), 6310 таси “қизил йўлак” (27 %) орқали расмийлаштирилган.

Қонун талабларига оғишмай амал қилаётган тадбиркорлар ҳамиша рағбатда.

Ҳозирда импорт расмийлаштируви учун ўртача 4 соат 2 минут, экспорт расмийлаштирувига эса 1 соат 20 минут сарфланмоқда.

Ташкил этилган амалий чора-тадбирлар натижасида бошқарма ходимлари томонидан 362 та божхона қонунчилиги бузилиши ҳолатлари аниқланиб, улар бўйича 39 млрд. 559,7 млн сўмлик товар моддий бойликлар ушлаб қолинган.

Жорий йилнинг шу даврига қадар божхона соҳасининг муҳим жиҳатлари, қонунчиликдаги янгиликлар, божхона қонунбузилиши юзасидан аниқланган ҳолатлар бўйича марказий ва маҳаллий оммавий ахборот воситалари орқали жами 438 маротаба чиқишлар қилинган.

Мурожаатлар йўналишига эътибор қаратадиган бўлсак, ўтган давр давомида вилоят божхона бошқармасига жисмоний шахслардан 45 та ҳамда юридик шахслардан 57 та ёзма мурожаатлар келиб тушган бўлиб, тегишли тартибда кўриб чиқилган.

Ҳамиша долзарб аҳамият касб этадиган йўналишлардан яна бири – тизимни замонавий билимларни пухта эгаллаган ёш кадрлар билан мунтазам тўлдириб бориш, божхона ходимларининг билим ва малакасини мунтазам ошириш, соҳада коррупцион ҳолатларнинг олдини олиш ва унга қарши кескин кураш олиб бориш, ходимлар ўртасида бу иллатга муросасиз муҳитни шакллантириш ҳам асосий вазифалар сирасига киради.

15.09.2021

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг