“Бошпочтамт” ташқи иқтисодий фаолият божхона пости. Бу ерда турли мамлакатлардан юртимизда яшовчи фуқаролар номига келган ҳамда фуқароларимиз томонидан хориж давлатларига жўнатилаётган халқаро почта ва халқаро курьерлик жўнатмаларининг божхона назорати амалга оширилади.
Мазкур божхона пости Тошкент шаҳрининг Сирғали туманида жойлашган. Бугунги кунда божхона постида 20 га яқин божхона ходимлари хизмат қилишади.
Божхона постининг “Халқаро почтамт” божхона пункти ҳам мавжуд.
Божхона постида божхона назорати жараёнлари автоматлаштирилган шаклда амалга оширилиб, кўрик жараёнларида замонавий ренгент қурилмаларидан фойдаланилади.
Жорий йилнинг ўтган 8 ойи мобайнида божхона постида 3,7 минг тонна ҳалқаро почта ва курьерлик жўнатмаларининг божхона назорати амалга оширилиб, 244,2 млрд. сўмлик божхона тўловлари давлат бюджетига ўтказилди.
Божхона постида 6 946 та божхона юк декларациялари расмийлаштирилиб, хавфни бошқариш тизими доирасида товарларга расмийлаштирилган божхона юк декларацияларига назар солсак, уларнинг 21,4 фоизи қизил, 49,8 фоизи сариқ ҳамда 28,8 фоизи яшил йўлакларда соддалаштирилган тартибда божхона назорати ва расмийлаштирувидан ўтказилди.1 275 та божхона кўриги жараёнлари амалга оширилди.
Божхона постида бир кунда ўртача 15-18 тонна ҳалқаро почта ва курьерлик жўнатмалари божхона назоратидан ўтказилади. Бу бир кунда 7000-7500 дона ҳалқаро почта ва курьерлик жўнатмалари дегани.
Божхона постида ҳуқуқбузарликларга қарши кураш борасида ҳам тизимли кураш олиб борилмоқда.
Хусусан, пост ходимлари томонидан бошқарманинг тезкор таркибий тузилмалар билан ҳамкорликда 101 та ҳолатда 517,9 млн. сўмлик товар-моддий бойликлар,шунингдек 6 кг.дан ортиқ гиёҳвандлик воситалари, 3 кг.га яқин психотроп моддалар, жумладан 249 дона шундай турдаги таблеткаларнинг ноқонуний кириб келишининг олди олинди.
Божхона постида халқаро почта ва халқаро курьерлик жўнатмаларининг божхона назорати ва расмийлаштируви жараёнида яратилган қулайликлар фуқароларга манзур бўлмоқда.
Пост ходимлари эса мамлакатимизда олиб борилаётган иқтисодий-ижтимоий ислоҳотларга хамоҳанг тарзда ўзларига юклатилган хизмат вазифаларини виждонан, ҳалол бажариб, тун-у кун мамлакатимиз равнақи йўлида ўз ҳиссаларини қўшиб келишмоқда.
Толибжон Саидов,
Тошкент шаҳар божхона бошқармаси бошлиғи
15.09.2021