Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Юк машиналари импортига имтиёзлар жорий қилинди
4319
Юртимизда тадбиркорлик фаолиятини ривожлантириш йўлида олиб борилаётган чора-тадбирлар аниқ мақсадларга қаратилгани бугун ҳаётимизнинг ҳар бир жабҳасида ўз исботини топиб, юксак самарасини бермоқда.

Айниқса, ҳозирги кунда жаҳон ҳамжамиятига интеграция жараёнида мамлакатимизнинг ташқи савдо айланмасини ошириш борасида кўплаб ислоҳатлар амалга оширилиб келинмоқда.
Жорий йилнинг 19 август куни “Автомобиль транспортида юк ташувчиларни қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-5225-сонли Президент қарорининг имзоланиши ҳам юқорида фикрларимизнинг яққол ифодасидир.
Айтиш лозимки, мазкур қарорга асосан, айрим транспорт воситаларини 2025 йил 1 январга қадар Ўзбекистонга импорт қилишда уларга  божхона божининг, утилизация йиғимининг ва автотранспорт воситаларини сотиб олганлик учун автотранспорт йиғимларининг ноль ставкалари қўлланилади. Бунинг учун эса, ишлаб чиқарилганига 7 йилдан ошмаган юк ташиш учун мўлжалланган транспорт воситалари қуйидаги талабларга жавоб бериши керак: 
-  “Евро-5” ва ундан юқори экологик тоифа талабларига мос келиши
(ТИФ ТН кодлари 8701 20, 8704 22 (самосваллардан ташқари) 1-расм;

- тиркамалар ва ярим тиркамалар (ТИФ ТН кодлари 8716 31, 8716 39) 2-расм.


Бундан ташқари, қарор билан айнан Европа Иттифоқи мамлакатларида ишлаб чиқарилган, ишлаб чиқарилганига 7 йилдан ошмаган қуйидаги транспорт воситаларини ҳам 2025 йил 1 январга қадар Ўзбекистонга импорт қилишда мажбурий сертификатлашдан озод қилиниши белгилаб берилди:
“Евро-5” ва ундан юқори экологик тоифа талабларига мос келадиган юк ва махсус автотранспорт воситалари;
автомобиль транспортида юк ташиш учун фойдаланиладиган тиркамалар ва яримтиркамалар.
Шу ўринда қарорда келтириб ўтилган экологик тоифа талаблари тўхталиб ўтадиган бўлсак, ҳозирги кунда асосан 7 та  экологик тоифалар
(“Евро-0”, “Евро-1” “Евро-2” “Евро-3” “Евро-4” “Евро-5” “Евро-6”) мавжуд.
“Евро-0” экологик тоифа - илк бор 1988 йилда Европада қабул қилинган бўлиб, атроф муҳитга салбий таъсир кўрсатиши мумкин бўлган бензинли двигателлардан зарарли моддаларнинг чиқарилиши бўйича махсус чекловлар қўйилмаган стандарт;
 “Евро-1” экологик тоифа – Ушбу стандарт БМТ томонидан ишлаб чиқилган ва Европа Иттифоқи томонидан 1992 йилда қабул қилинган. Бунинг қабул қилиниши атроф-муҳитни яхшилаш йўлида катта қадам бўлиб, атроф муҳитга салбий таъсир кўрсатиши мумкин бўлган бензинли двигателлардан зарарли моддаларнинг чиқарилишини, яъни углерод оксиди чиқиндиларининг рухсат этилган даражасини сезиларли даражада камайтирди;
“Евро-2” экологик тоифа – Бу стандарт дизель двигателли автомобилларга қўйиладиган талабларни жиддий равишда кучайтириб, бензинли двигателлардан зарарли моддаларнинг чиқарилишини, яъни углерод оксиди чиқиндиларининг рухсат этилган даражасини “Евро-1” тоифадан кўра кескин даражада камайтиришга эришилди; 
 “Евро-3” экологик тоифа – 2000 йилда қабул қилинган ушбу стандарт бу борадаги талабларни янада кучайтириб, зарарли чиқиндиларнинг рухсат этилган даражасини ўртача 40%га камайтирди. Масалан, бензин таркибидаги олтингугуртнинг максимал миқдори 500 г / км дан 150 г / км гача камайди.
“Евро-4” экологик тоифа – 2005 йилдан қабул қилинган стандарт бўлиб, зарарли чиқиндиларнинг рухсат этилган даражасини ўртача 70%га камайтирди.
“Евро-5” экологик тоифа – Ушбу стандарт Европа Иттифоқи томонидан 2008 йилда қабул қилинган бўлиб, мазкур стандарт дастлаб фақат юк машиналарига қўлланилади. Кейинчалик, яъни қабул қилинганлигидан бир йил ўтиб (2009 йилдан) енгил транспорт учун ҳам ишлай бошлади. Евро-5 нафақат талабларни яна кучайтирди, балки 2015 йил охиригача янги стандартларга жавоб бермайдиган ёқилғининг муомаладан чиқарилишини ҳам назарда тутди. Мазкур янги стандартни ишлаб чиқишда автомобиль юриш тезлиги, чиқиндиларни камайтириш тизимлари ва двигателни янги талабларга айлантириш имконияти ҳисобга олина бошлади.
“Евро-6” экологик тоифа - амалдаги стандарт европада 2015 йилда қабул қилинган. Бу бензинли двигателларга катта таъсир кўрсатмади, лекин дизель двигателларига қўйиладиган талабларни жиддий равишда кучайтириб, зарарли моддаларнинг рухсат этилган миқдори ўртача 3 баробар камайган.
Хулоса ўрнида айтиш лозимки, 2021 йил 19 августдаги “Автомобиль транспортида юк ташувчиларни қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-5225-сонли Президент қарорида нафақат импорт қилишда уларга  божхона божининг, утилизация йиғимининг ва автотранспорт воситаларини сотиб олганлик учун автотранспорт йиғимларининг ноль ставкалари қўлланилиши бўйича имтиёз берилганлигини, балки атроф-муҳитни ҳимоя қилиш бўйича жаҳон стандартлари ҳам инобатга олинганлигини кузатишимиз мумкин.


   А.Ўринбоев
Андижон вилояти божхона бошқармаси 
бош инспектори, божхона хизмати подполковниги

                                                                                       

 

14.09.2021

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг