Бугун мамлакатимизни тараққий эттиришда унинг иқтисодий манфаатларини таъминлашда Давлат божхона органларининг зиммасига улкан масъулият юкланади. Ана шундай масъулиятли вазифани сидқидилдан, ҳалоллик билан бажарадиган божхоначиларни тайёрлаш Божхона институтининг олдига қўйилган асосий вазифалардан бири саналади.
Бугун интеллектуал салоҳиятли, замонавий билим ва кўникмага эга, маънавий-ахлоқий етук кадрларни тайёрлаш учун замонавий шарт-шароитларга эга бўлган таълим жараёни ташкил этилди.
Бу жараёнда ёшларни ҳалол, фидойи этиб тарбиялашда нуроний ва фахрийларнинг ибратли ҳаёт йўли уларнинг бой тажрибаси бўлажак божхоначиларни тарбиялашда муҳим дастур саналади.
Халқимизга хос эзгу фазилатлардан бири нуронийлар, кексаларни меҳнатини қадрлаш, уларни эъзозлаш ҳисобланади.
Шу муносабат билан Божхона институтида Ўзбекистон божхона хизмати Фахрийлар уюшмаси билан ҳамкорликда «Авлодлар учрашуви» ташкил этилди. Тадбирда уюшма раиси Деҳқонбой Кудриддинов иштирок этиб, ўз маърузасида Давлат божхона органлари фаолиятини ташкил этилиши, хизмат жараёнидаги машаққатлар, бугунги кунда божхона органлари ходимларига яратилаётган кенг кўламли имкониятлар тўғрисида тўхталиб, ҳар бир етишиб чиқадиган курсантлар ҳалоллик ва тўғрилик билан сидқидилдан хизмат қилиши лозимлигини таъкидлади.
Шу билан бирга Д.Кудриддинов ўз чиқишида Президентимизнинг 2021 йил 10 сентябр куни қабул қилинган “Божхона тартиб-таомилларини соддалаштириш ва давлат божхона хизмати органлари ташкилий тузилмасини янада такомиллаштириш тўғрисида” ПФ-6310-сон Фармони божхона органлари тизимига қаратилаётган эътиборнинг ёрқин намунаси эканлигини таъкидлаб ўтди. Фармон билан қатор ҳудудий бошқармаларда ташкил этилаётган “Масофавий электрон декларациялаш” божхона постлари, зарарли меҳнат шароитлари учун тўланадиган ойлик устамалар, “Ягона дарча” божхона ахборот тизими ҳамда Давлат божхона қўмитаси тизимида янги ташкил этилаётган Марказий божхона лабораторияси каби божхона органлари ходимлари учун сўнгги йилларда яратилаётган қулайлик ва яхшиланаётган шарт шароитлар тизимда бир неча ўн йиллар олдин хизмат қилган ходимлар учун орзу бўлганини мисоллар билан келтирди.
Тадбир очиқ ва самимий мулоқот тарзида бўлиб ўтди. Ҳаётий мисолларга бой бўлган маърузадан тадбирда иштирок этган курсантларда юртига ва божхоначилик касбига нисбатан фахр туйғуси жўш урди. Институт раҳбарияти билан бундай учрашувлар давомли бўлишига келишиб олинди.
14.09.2021