Бевосита бошқарма раҳбарияти ва масъул ходимлар томонидан жойларга чиққан ҳолдаэкспортёр ташкилотлар билан ўтказилаётган учрашувларда қарор талаблари бўйича батафсил тушунтиришлар берилмоқда.
Қарор билан экспортга маҳсулот етказиб беришни кўпайтиришни рағбатлантириш, ортиқча ва эскирган рухсат бериш тартиботларини бекор қилиш орқали ишбилармонлик муҳитини такомиллаштириш мақсадидамева-сабзавот экспорти тартибига ўзгартиришлар киритилди.
Хусусан, юридик шахсларга мева-сабзавот маҳсулотлари экспортини дастлабки тўловсиз, аккредитив очмасдан, банк кафолатини расмийлаштирмасдан ҳамда экспорт шартномасини сиёсий ва тижорат хавфларидан суғурта полисисиз амалга ошириш ҳуқуқи берилди.
Қарорга асосан, экспорт қилинадиган мева-сабзавот маҳсулотлари божхона кўригидан ўтказилмайди, божхона қонун ҳужжатлари бузилиши хавфи белгилари аниқланган ҳолатлар бундан мустасно. Бунда ҳужжатларда мавжуд маълумотларнинг ишончлилиги, шунингдек товарларни божхона чегарасидан ноқонуний олиб ўтиш учун экспорт қилувчи жавобгар бўлади.
Энг муҳими, бундан буён тадбиркорлик субъектлари улгуржи савдо қилиш лицензиясига эга бўлмасдан мева-сабзавот маҳсулотлари экспортини амалга ошириш ҳуқуқига эга бўладилар.
Мазкур қарор ташқи иқтисодий фаолиятни янада либераллаштириш ва мева-сабзавот маҳсулотларини экспорт қилувчи маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг иш шароитларини яхшилаш, мамлакат экспорт салоҳиятини ошириш имкониятини беради. Шунингдек, дунёда тобора талаб кучайиб бораётган сифатли мева-сабзавот маҳсулотларини етиштиришнинг улкан салоҳиятига эга мамлакатимиз учун бу соҳанинг аҳамияти нафақат мамлакатга валюта жалб қилиш билан, балки қишлоқларда ишсизлик ҳажмини камайтириш, ёшларни ватанда, ўз оилаларининг олдида меҳнат қилишлари учун муҳим омил экани билан ўлчанади.
Шу билан бирга, қарорнинг мазмун моҳиятини кенг жамоатчилик эътиборига етказиш мақсадида, маҳаллий “Хоразм” телеканалининг “Тадбиркор соати” кўрсатуви, “Хоразм” радиосининг “Диёр” янгиликлари дастури ва бошқа оммавий ахборот воситалари орқали тарғибот ишлари амалга оширилмоқда.
Давлат божхона қўмитаси
Ахборот хизмати
26.10.2018