Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Шаҳрисабзда жаҳон стандартларига мос келадиган миллий маҳсулотлар ишлаб чиқарилмоқда
1356
Қашқадарё вилояти божхона бошқармаси масъул ходимлари томонидан “Божхоначи тадбиркор таянчи” шиори остида вилоят ҳудудида фаолият юритаётган тадбиркорлар ҳузурига ташриф буюриб, тадбиркор олдида турган муаммоларни бартараф этиш, божхонада тадбиркорларга яратилган енгилликларни тушунтириш ва имкониятлардан самарали фойдаланиш юзасидан тушунтириш ишлари амалга оширилмоқда.
Шаҳрисабзда жаҳон стандартларига мос келадиган миллий маҳсулотлар ишлаб чиқарилмоқда

Мазкур йўналишдаги навбатдаги учрашув Шаҳрисабз шаҳрида жойлашган Шаҳрисабз текстил корхонасида бўлиб ўтди.

Умумий қиймати 15 миллион евролик ушбу лойиҳа фойдаланишга топширилганига ҳали кўп вақт бўлмади. Корхона калава ип ва мато маҳсулотлари ишлаб чиқаришга мўлжалланган. Йилига 7,5 минг тонна ип калава ва мато ишлаб чиқариш қувватига эга. Ишлаб чиқариш жараёни учун Германия ва Япония давлатларидан энг замонавий ип йигирув ва тўқув дастгоҳлари олиб келиниб ўрнатилган.

Корхонада хорижлик ҳамкорлар талаби асосида ҳам маҳсулотлар ишлаб чиқарилмоқда. Бу борада, пахта толасини аналоги бўлган сунъий толалар четдан импорт асосида олиб келиниб, шундан ип ва мато ишлаб чиқарилмоқда ҳамда четга экспорт қилинмоқда. Корхонада бир ойда 600 тонна маҳсулот ишлаб чиқарилмоқда.

Бу ерда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар жаҳон стандартларига тўла мос келганлиги сабабли, буюртмачилар сони ҳам кун сайин ортиб бормоқда. Жорий йилнинг ўтган даври мобайнида 2,3 миллион АҚШ долларилик ип ва мато Туркия, Россия, Белорус ва Ҳиндистон давлатларига экспорт қилинди.

Шунингдек, маҳаллий ёш мутахассисларга замонавий технологиялардан фойдаланиш сир-асрорларини ўргатиб бориш учун Туркия ва Ҳиндистон давлатларидан малакали мутахассислар жалб қилинган.

Айни кунда корхона мутасаддилари томонидан пахта хом ашёсини етиштиришдан тортиб қайта ишлаш, ип калава ишлаб чиқариш, тўқиш, ранглаш, тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришга қадар жараёнларни қамраб олган йирик лойиҳаларни амалиётга жорий этиш бўйича ишлар олиб борилмоқда.

13.09.2021

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг