Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Тадбиркорлик субьектлари доимо эътиборда
1364
Бугун шиддат билан амалга оширилаётган жаҳон ҳамжамиятига интеграция жараёнида мамлакатимизнинг ташқи савдо айланмасини ошириш, давлат бюджетини тўлдириб, юртимиз экспорт салоҳиятини юксалтириш жуда катта аҳамият касб этади.

Ушбу пировард вазифаларнинг бажарилишида катта шижоат ва масъулият талаб этилишини чуқур англаган ҳолда, давлат божхона хизмати органлари ходимлари ҳам юртимиз сарҳадлари ва ички ҳудудларда мамлакатимиз иқтисодий хавфсизлигини таъминлаш йўлида сидқидилдан хизмат қилишмоқда.   

Биргина Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармаси мисолида қарасак, жорий йилнинг биринчи ярми давомида давлат бюджетига божхона тўловларидан 203 миллиард 373 миллион сўм миқдоридаги пул маблағи ўтказилган бўлиб, бу кўрсаткич ўтган йилга нисбатан 39,4 фоизга ошган.

Ҳудуднинг ташқи савдо айланмаси ҳисобот даврида 426,9 млн. АҚШ долларини ташкил этиб, 2020 йилнинг шу даврига нисбатан 35,2 фоизга кўпайган.

Бугун республикамизда экспортни рағбатлантириш, импортни оптималлаштириш борасида амалга оширилаётган оқилона сиёсат натижасида Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармаси орқали ташқи ва ички бозорларга йўналтирилган жами товарларнинг 69,8 фоизи экспорт божхона режимига расмийлаштирилган бўлса, 30,2 фоиз маҳсулотлар мамлакатимиз ҳудудида эркин муомалага чиқарилган.

Ушбу давр мобайнида Қорақалпоғистон Республикаси томонидан асосан пластмассадан ясалган буюмлар (полиэтилен), ип-калава, фармацевтика, тирик ҳайвонлар ва уларнинг қисмлари, кимё-саноати маҳсулотлари, озиқ-овқат маҳсулотлари асосан Туркия, Хитой, Россия, Қозоғистон, Латвия, Украина ва Қирғизистон бозорларига йўналтирилган.

Импорт товарларнинг асосий бўлаги Россия, Хитой, Қозоғистон, Корея, Туркия, Швеция,  Германия, Нидерландия давлатларидан олиб келинган дастгоҳ ва асбоб-ускуналар, кимё-саноати, ёғоч ва тахта маҳсулотлари, озиқ-овқат, нефть ва нефть маҳсулотлари ҳамда металлар ва улардан тайёрланган буюмлар ҳиссасига тўғри келади.  

Бугун мамлакатимизда ташқи иқтисодий фаолият иштирокчиларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг ўз фаолиятларини янада кенгайтиришлари учун шароит яратиш мақсадида имтиёзлар тақдим этиш услуби жорий этилган. Бу эса ўз ўрнида тадбиркорлик субъектларининг божхона тўловларидан тежалган маблағларини маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажми ва сифатини ошириб, янги иш ўринлари яратилишига замин яратмоқда.

Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармаси томонидан тегишли қонунчилик ҳужжатлари талаблари асосида тадбиркорлик субъектларига жорий йил бошидан божхона тўловларидан 135,7 млрд. сўм миқдорида имтиёз ва преференциялар тақдим этилган.

Хавфни бошқариш тизими асосида бошқармага қарашли ташқи иқтисодий фаолият божхона постлари томонидан январь-август ойлари давомида жами 14 078 та божхона юк декларациялари расмийлаштирилган бўлиб, йўлаклар бўйича таҳлил қилинганда, 9 186 та (65,3%) “яшил”,  3 691 та (26,2%) - “сариқ”  ва  1 201 та (8,5%) “қизил” йўлак орқали расмийлаштирилган.

Божхоначиларимиз томонидан 2021 йилнинг январь-август ойлари давомида божхона соҳасига оид қонун ҳужжатларининг бузилиши билан боғлиқ 245 та ҳуқуқбузарлик ҳолатлари аниқланиб, қиймати 3,36 млрд. сўмлик товар-моддий бойликлар ашёвий далил тариқасида ушлаб қолинди. Шундан, жами 7 та ҳолатда Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли моддалари бўйича жиноят иши қўзғатилди.

Контрабанда ашёларининг ноқонуний ҳаракатининг олдини олиш борасида гиёҳвандлик воситалари билан боғлиқ 9 та ҳолатда 102,35 гр опий, 53,41 гр “гашиш”, 5,2 гр “марихуанна”, 0,04 гр “героин”, 1 туп “каннабис”, 1,83 гр гиёҳвандлик ўсимлиги уруғи ва 999 таблетка “Трамадол” номли гиёҳвандлик воситаси, кучли таъсир қилувчи воситалардан 221 флакон “Тропикамид” ва 314 капсула “Регапен” дори воситалари аниқланди.

Қурол яроқ, ўқ-дори ва портловчи моддалардан 6 дона ўқ-дори, 2418 дона гильза ва 1,15 кг. дробь маҳсулотларининг ноқонуний айланмасига чек қўйилди.

 

Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармаси
 Ахборот хизмати

 

 

11.09.2021

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг