Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
“Шовот” ва “Дўстлик” чегара божхона постларида қарор тарғиботи ўтказилди
2413
Маълумки, амалдаги тартибларга мувофиқ, жисмоний шахслар айрим турдаги товарларни истисно қилган ҳолда, Ўзбекистон Республикаси Давлат чегарасидаги автомобиль йўли (пиёдалар йўли) ўтказиш пунктлари орқали божхона чегарасини кесиб ўтганда – 300 (уч юз) АҚШ доллари миқдоридаги товарларни мамлакатимизга бож тўловларини тўламасдан олиб киришлари мумкинлиги белгиланган.
“Шовот” ва “Дўстлик” чегара божхона постларида  қарор тарғиботи ўтказилди

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил
22 июндаги “Жисмоний шахслар томонидан Ўзбекистон Республикасига товарларни олиб ўтиш тартибини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 463-сон қарори билан жисмоний шахслар томонидан Ўзбекистон Республикаси давлат чегарасининг автойўл (йўловчи), темир йўл ва дарё ўтказиш пунктлари орқали божхона тўловлари ундирилмайдиган айрим товарларни олиб ўтишнинг миқдор нормалари тасдиқланган эди.

Фуқароларимизнинг айримлари томонидан божхона тўловларидан қочиб, берилган имтиёз ва қулайликлардан тижорат мақсадида фойдаланиш ҳолатлариортиб борди.

Айрим шахслар товар олиб ўтиш мақсадида бошқа фуқароларни жалб этиш, оддий қилиб айтганда маълум бир ҳақ эвазига уларни ёллаш йўлига ўтишди.

Шу сабабли, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
2018 йил 16 октябрь кунги қарори билан жисмоний шахслар томонидан Ўзбекистон Республикаси Давлат чегарасининг автойўл (йўловчи), темир йўл ва дарё ўтказиш пунктлари орқали божхона тўловлари ундирилмайдиган айрим товарларни олиб ўтишнинг миқдор нормаларига ўзгартиришлар киритилди.

Ўзгартиришларга мувофиқ, чегарани биринчи маротаба кесиб ўтаётганда рўйхатдаги 20 турдаги маиший техника буюмлари ва офис техникаларини
6 календарь ойида, ҳар бир номдаги товардан эса 1 календарь ойида 2 кг.гача (бўлинмайдиган товарлар бундан мустасно) божсиз олиб киришга рухсат этилди. Аммо, уларнинг умумий оғирлиги 10 кг.дан ошмаслиги кераклиги белгиланди.

Ушбу ўзгаришларни жамоатчиликка тез ва тўғри талқин этиш мақсадида Хоразм вилояти божхона бошқармасининг “Шовот” ва “Дўстлик” чегара божхона пости орқали ҳаракатланаётган фуқаролар ҳамда чегара олди худудларда яшовчи фуқароларга етказиш мақсадида тарғибот тадбирлари ўтказилди.

Тарғибот тадбирларида қарор юзасидан фуқаролар ва маҳалла фаолларининг фикр-мулоҳазалари тингланди ҳамда уларнинг қизиқтирган саволларга жавоблар берилди.

Тадбир якунида яна бир бор фуқароларга божхона соҳаси билан боғлиқ ўзларини қизиқтирган саволлари бўлса Давлат божхона қўмитасининг 11-08 рақамли “Ишонч телефони”га қўнғироқ қилишлари мумкинлиги эслатиб ўтилди.

Албатта ушбу ўзгартиришлар энг аввало, истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, ички бозорга сифатсиз товарлар кириб келишини олдини олиш, мамлакатимизнинг иқтисодий манфаатларини инобатга олган ҳолда киритилганини алоҳида қайд этиб ўтиш жоиз.

 Давлат божхона қўмитаси

 Ахборот хизмати

26.10.2018

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг