Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси қўмитаси, Давлат божхона қўмитаси ҳамда Инновацион ривожланиш вазирлиги билан ҳамкорликда ташкил этилган мазкур семинарда ушбу ташкилотларнинг ҳудудлардаги ахборот хизматлари ҳамда улар билан фаол ҳамкорлик қилиб келаётган маҳаллий журналистлар иштирок этишди.
Семинарда асосий эътибор иқтисодий соҳаларни ёритиш борасида журналистларда таҳлилий ёндошувга эришиш мақсадида соҳа мутахассисларидан атрофлича маълумотлар олиш ҳамда “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили” Давлат дастурини жамоатчиликка етказишда янгича талқинларни қўллашга қаратилди.
Тадбирда солиқ, божхона ва инновация соҳасида сўнгги ўзгаришлар ва янгиланишлар бўйича соҳа мутахассислари журналистларга батафсил ахборотлар беришди.
Таъкидлаш жоизки, жорий йилда барча соҳаларда бўлгани каби божхона соҳасида ҳам Муҳтарам Президентимиз томонидан нафақат жадал, балки шиддатли ислоҳотлар олиб борилмоқда.
Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 12 апрелдаги «Ўзбекистон Республикаси давлат божхона хизмати органлари фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони ҳамда “Давлат божхона хизмати органларининг фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги Қарори Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона хизмати органлари фаолиятини такомиллаштиришни янги, янада муҳим босқичга олиб чиқмоқда.
Яъни, умумэътироф этилган халқаро норма ва стандартлар асосида божхона органлари фаолиятини ҳамда божхона маъмуриятчилигини тубдан такомиллаштириш, тадбиркорлик ва туризмни фаол ва жадал ривожлантириш учун қулай шарт-шароитлар яратишга хизмат қилмоқда.
Семинарда Давлат божхона қўмитасининг Хавфларни мониторинг қилиш ва баҳолаш бошқармаси бошлиғи И.Мухторов ҳамда Божхона экспертизаси ва ташқи иқтисодий фаолият товарлар номенклатурасини юритиш бошқармаси бошлиғи Б.Абдуганиев иштирок қилиб, республикамизда божхона процедураларини соддалаштириш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирлар ҳақида батафсил ахборотлар беришди.
Масалан, Давлат божхона қўмитасининг расмий веб-сайти орқали жорий қилинган “Интеграциялашган тариф” интерактив хизмати семинар иштирокчиларида алоҳида қизиқиш уйғотди.
Унга кўра, товарларнинг божхона чегараси орқали ҳаракати режимини тартибга солувчи барча норматив ҳужжатлар, товарларнинг божхона расмийлаштируви учун зарур бўлган ҳужжатлар, ҳар бир товарга мос равишда божхона божлари ставкалари, ушбу ҳужжатларни берувчи органлар тўғрисидаги батафсил ахборотни, шунингдек, ташқи иқтисодий фаолиятни амалга ошириш учун бошқа маълумотларни реал вақт режимида бепул асосда мазкур хизматдан фойдаланиб олиш мумкин.
Тадбиркорлик субъектлари томонидан ташқи иқтисодий фаолият амалга оширилганда давлат органларига “Интеграциялашган тариф” интерактив хизматида назарда тутилмаган маълумот ва ҳужжатларни талаб қилиш ман этилиши белгилаб қўйилди.
Семинарда жамоатчилик билан ишлаш жараёнида ижтимоий тармоқлардан кенг фойдаланиш, бу жараёнларни бошқариш психологияси, ахборот хизматларининг оммавий ахборот воситалари билан ишлаш тамойилларида кузатилаётган янги тенденциялар, журналистлар орқали соҳага доир янгиликлардан жамоатчиликнинг хабардорлигини ошириш каби мавзуларда атрофлича фикр-мулоҳазалар билдирилди.
Семинар якунида таъкидланганидек, бу каби семинарлар юртимизда тадбиркорликни ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этади.
Давлат божхона қўмитаси
Ахборот хизмати
26.10.2018