Халқаро миқёсда олиб борилаётган курашларга қарамасдан, гиёҳвандликка гирифтор бўлган одамлар тақдири ҳамон миллион-миллионларни қамраб олмоқда.
Бугунги кунда гиёҳвандлик моддалари мамлакатимизга кириб келишининг олдини олиш борасида кенг кўламли профилактика ишлари олиб борилишига алоҳида эътибор берилмоқда. Хусусан, Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида гиёҳвандлик моддаларини назорат қилиш миллий маркази ташкил қилинган. Шунингдек, гиёҳвандлик ижтимоий-иқтисодий иллатига қарши курашда Республикадаги барча вазирлик ва идоралар кенг жалб қилинган.
Самарқанд вилояти божхона бошқармаси Контрабанда ва божхона қонунчилиги бузилишига қарши курашиш бўлими ходимлари ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа идоралар вакиллари билан ҳамкорликда гиёҳвандликка қарши курашни кучайтириш мақсадида Ургут туманида ўтказилган тезкор тадбир давомида гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний айланмаси фош этилди.
Ўтказилган тадбир давомида, фуқаро И. Р. харидорларга целлофан пакетга ўралган “марихуана” гиёхвандлик воситасини бериб, автомашинадан тушиб кетаётган вақтида тадбир иштирокчилари томонидан қўлга олинган.
Тадбир давомида фуқаро И.Р. тахминан оғирлиги 40,0 грамм атрофида бўлган қуруқ ҳолдаги ўзига хос ўткир ҳидли “марихуана” гиёҳвандлик воситасини 1 000 000 сўмга сотиш мақсадида таниши М.Ж. дан 600 000 сўмга сотиб олганлигини маълум қилди.
Шундан сўнг фуқаро И.Р. нинг кўрсатмаларини текшириш мақсадида, фуқаро М. Ж.нинг яшаш хонадонига борилиб, хонадон эгаларининг розилиги уй кўздан кечирилди. Натижада, фуқаро М.Ж.га тегишли жинси шимнинг чўнтагидан фуқаро И.Рдан олган пуллардан 100 000 сўми борлиги аниқланди.
Самарқанд вилоят ИИБ ЭКБнинг хулосасига кўра, 36,15 граммни ташкил этган мазкур модда қуритилган ҳолдаги “марихуана” гиёҳвандлик моддаси эканлиги тасдиқланган.
Мазкур ҳолат юзасидан текширув ишлари олиб борилмоқда.
Давлат божхона қўмитаси
Ахборот хизмати
25.10.2018