Қутлуғ сана муносабати билан мамлакатимизнинг барча шаҳар ва туманларида Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг ўттиз йиллигига бағишланган байрам тадбирлари “Янги Ўзбекистонда эркин ва фаровон яшайлик” шиори остида тантанали равишда кенг нишонланмоқда.
Хусусан, мустақиллигимизнинг ўттиз йиллиги муносабати билан Андижон вилояти божхона бошқармасида ҳам бўлиб ўтган тантанали тадбирда нафақат бошқарма шахсий таркиби, балки божхона фахрийлари ҳам иштирок этдилар.
Бошқарма бошлиғи Э.Райхонов сўзга чиқар экан, мустақиллик аслида хурриятпарвар аждодларимизнинг асрий орзуси, халқимизнинг тенглар ичра тенг бўлмиш ҳуқуқини юзага чиқарган, миллий ўзлигимиз, қаддимиз ва қадримизни тиклагани билан улуғлиги борасида сўз юритиб, барча тадбир иштирокчиларини муборакбод этди.
Тадбир давомида ёш авлодни ватанпарварлик, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялашда алоҳида фидойилик кўрсатаётган божхона фахрийлари ва фидокорона меҳнатлари ҳамда хизмат вазифаларига виждонан ёндашаётган бир гуруҳ ходимларга давлатимиз раҳбари томонидан таъсис этилган “Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг ўттиз йиллиги” кўкрак нишони, Давлат божхона қўмитаси ва бошқарманинг фахрий ёрлиқлари, қимматбаҳо совғалари берилди.
Божхона фахрийларидан сўзга чиққан Иброхим Асқаров ҳозирги кунда айнан божхона соҳасида бўлаётган кўплаб ислоҳатлар ҳақида тўхталар экан, бундан 20-30 йил олдинги божхонадан тубдан фарқ қилиши, бундай яратилаётган имкониятлардан самарали фойдаланиб, юрт равнақига, мамалакатимиз сархадларини дахлсизлигини ҳамда иқтисодий манфаатларини ҳимоя қилишга бор куч имкониятларни ишга соладиган вақт келганлигини таъкидлаб ўтди.
Албатта, тинч, осойишта юртга янги Ўзбекистонга мана шундай байрамлар ярашади. Юрт равнақи, Ватан тараққиёти, мустақиллигимизни мустаҳкамлаш учун хизмат қилиш эса ҳар биримизнинг фуқаролик бурчимиз ва мажбуриятимиздир.
Мустақиллигимиз абадий булсин!
1.09.2021