Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Самарқандда “Уч авлод учрашуви” ташкил этилди
1602
Айни кунларда Самарқандда мустақиллигимизнинг 30 йиллиги “Янги Ўзбекистонда эркин ва фаровон яшайлик!” деган эзгу ғоя асосида кенг нишонланмоқда.
Самарқандда “Уч авлод учрашуви” ташкил этилди

Ёш божхона ходимлари фахрий божхоначиларнинг хонадонларига боришиб, кексалик гаштини сураётган фахрийлардан ҳол-аҳвол сўрашиб, уларга Давлат божхона қўмитаси Раисининг байрам табриги етказилиб, совғалар берилди.

Самарқанд шаҳридаги “Зилол бахт” базмгоҳида кексаларни эъзозлаш, ўтганларни хотирлаш, ёш авлодни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш мақсадида “Уч авлод учрашуви” ташкил этилди.

Унда тизимда кўп йиллар меҳнат қилган божхона фахрийлари, вилоят фаоллари, марҳум божхона ходимларининг оила аъзолари, ёш божхоначилар ҳамда вилоят Касаба уюшмаси масъуллари жам бўлишди.

Тадбирда вилоят божхона бошқармаси бошлиғи, божхона хизмати полковниги Якуб Мирзарахимов иштирок этиб, барчани энг улуғ, энг азиз байрам билан табриклади.

Тизимда ислоҳотларни изчил ва самарали амалга оширишда, ёш авлодни Ватанга ва бурчига садоқат руҳида тарбиялашда божхона фахрийларининг кўп йиллик билим ва тажрибасига таяниш лозимлиги алоҳида таъкидланди.

Бир пиёла чой устида қилинган суҳбатда фахрий божхоначилар кечаги машаққатли кунлар, бугун жадал ўзгараётган юрт ҳақида самимий фикрларини билдирдилар.

Тадбирда Олий Мажлис Сенати аъзоси Фармон Тошев, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Самарқанд вилоят кенгаши раиси Сухроб Рафиков, вилоят божхона бошқармаси Фахрийлар уюшмаси раиси Фарҳод Муқимовлар сўзга чиқишиб, барчани улуғ айём билан муборакбод этишди.

Учрашувда божхона фахрийларига Давлат божхона қўмитасининг эсдалик совғалари топширилди. Бошқарма раҳбарияти томонидан тизимда кўп йиллар меҳнат қилиб, нафақага чиққан бир гуруҳ божхона ходимларига тўнлар кийдирилди.

Хизмат даврида вафот этган марҳум божхона ходимлари ёдга олинди ҳамда уларнинг яқинларига байрам совғалари топширилди.

Вилоят Касаба уюшмаси кенгаши раиси Сухроб Рафиков бир гуруҳ ходимларга эсдалик совғаларини тақдим этиб, ходимлар маданий хордиқ чиқаришлари учун Хоразм вилоятига саёҳат ва Бўстонлиқ дам олиш санаториясига йўлланмалар тақдим этди.

Бугун эса вилоят божхона бошқармасида шахсий таркиб иштирокида байрам тадбири бўлиб ўтди. Унда вилоят божхона бошқармаси бошлиғи Я.Мирзарахимов барчани байрам билан муборакбод этиб, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 23 августдаги Фармонига асосан, бир гуруҳ ходимларга “Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 30 йиллиги” эсдалик кўкрак нишонини топширди.

Давлат божхона қўмитаси ҳамда вилоят бошқармасининг буйруқлари билан тизимда фидокорона хизмат қилаётган божхоначиларга фахрий ёрлиқ ва қимматбаҳо совғалар берилди.

Байрам муносабати билан “Динамо” жисмоний тарбия ва спорт жамияти томонидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ўртасида спортнинг “сузиш” тури бўйича ўтказилган мусобақада 10 та жамоа ичида вилоят божхона бошқармаси 3-ўринни қўлга киритиб, 3-даражали диплом билан тақдирланди.

Бу каби учрашувлар ва байрам тадбирлар вилоят бўйлаб давом этмоқда.

1.09.2021

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг