Ўтган йиллар давомида мустақиллик биз учун энг азиз қадрият бўлиб, миллий ўзлигимиз, эзгу орзу-интилишларимиз, ютуқ ва марраларимизнинг манбаи сифатида шу муқаддас заминда яшаётган барчамизнинг қалбимизда мустаҳкам ўрин эгаллагани бор гап.
Мустақилликнинг илк даврларида дунё мамлакатлари сафида ўз Конституциямиз, Байроғимиз, Гербимиз ва Мадҳиямизга эга бўлганимиз учун қувонган эдик. Бугун ўз сўзимиз, ишимиз, ҳар бир соҳада эришаётган ютуқларимиз, дунё ҳамжамиятида тутган ўрнимиз билан фахрланмоқдамиз.
30 йиллик мустақил тараққиёт йўли Ўзбекистон учун сиёсий соҳада, давлат ва жамият қурилиши, иқтисодиёт, ижтимоий ҳаёт ва маънавият, ташқи сиёсат ва хавфсизликни таъминлаш борасида ривожланиш ва юксалиш даври бўлди десак, айни ҳақиқатни айтган бўламиз.
Шу муносабат билан Бухоро вилоят божхона бошқармасида ҳам Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 30 йиллигига бағишланган тантанали тадбир бўлиб ўтди.
Давлатимиз мадҳияси садолари остида бошланган тадбирда Бухоро вилоят божхона бошқармаси раҳбарияти, шахсий таркиби ва божхона фахрийлари иштирок этди.
Соҳада Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев бошчиликларида амалга оширилаётган туб ислоҳотлар “рақамли божхона” тамойилини кенг тадбиқ этишда, божхона назорати ва расмийлаштируви жараёнларининг янада шаффоф ва тезкорлигини таъминлашда, мамлакатимизнинг иқтисодий хавфсизилигини сўз сиз ҳимоя қилишда ҳал қилувчи аҳамият касб этмоқда.
Амалга оширилаётган ислоҳотлар натижасида давлат бюджетига ундириладиган божхона тўловлари миқдори ҳам йилдан йилга ошиб бормоқда.
Мамлакатимиз хавфсизлигини таъминлаш, унинг иқтисодий манфаатларини ҳимоялаш ҳамда иқтисодиётнинг барқарор ривожланишида божхона органлари, шу қаторида Бухоро вилояти божхона бошқармаси ходимлари ҳам ўзларининг муносиб ҳиссаларини қўшиб келмоқда.
Рақамларга эътибор қаратадиган бўлсак, 2021 йилнинг шу даврига қадар бошқарманинг ташқи иқтисодий фаолият божхона постлари томонидан 22 мингдан ортиқ божхона юк декларациялари расмийлаштирилиб, давлат бюджетига қарийб 1 трлн. сўмлик божхона тўловлари ундирилди.
Контрабанда ва божхона қонунчилиги бузилиши бўйича 361 та ҳолат аниқланиб, қиймати 39 млрд. 522 млн. сўмлик товар-моддий бойликлар ушлаб қолинишига эришилди. Аниқланган ҳолатлар юзасидан, 22 та жиноят ишлари қўзғатилди. Хусусан, 5 кг.дан ортиқ гиёҳванд моддалар, 162 дона психотроп таблеткалар, 24 туп гиёҳвандлик ўсимликлари ушлаб қолинди.
Тизимда виждонан ва садоқат намунасини кўрсатиб хизмат қилиб келаётган ходимлар ҳамиша давлатимизнинг, Президентимизнинг юксак эътиборида.
Байрам муносабати билан, хизматда юксак натижаларга эришган қатор ходимларга Давлат божхона қўмитасининг ҳамда вилоят божхона бошқармасининг тегишли буйруқлари билан эсдалик нишонлари, фахрий ёрлиқлар, эсдалик совғалар ва навбатдаги махсус унвонлар топширилди.
1.09.2021