Фарғона вилояти божхона бошқармасида ҳам Мустақиллигимизнинг 30 йиллик шодиёнаси кенг нишонланди.
Байрамни Фарғона вилояти божхона бошқармаси бошлиғи Ихволжон Азимов кириш очиб бериб, мамлакатимизда ўттизинчи бор нишонланаётган ушбу байрам ва унинг ҳаётимиздаги ўрни, Муҳтарам Президентимиз бошчиликларида мамлакатимизда олиб борилаётган Янги Ўзбекистонни барпо этиш борасидаги саи-ҳаракатларига алоҳида тўхталиб ўтди.
Бундан ташқари божхона соҳасида олиб борилаётган ислоҳотлар, ташқи иқтисодий фаолият қатнашчилари, фуқаролар ва ходимларга божхона постларида яратилган шароитлар ҳамда жамиятда бўлаётган улкан ўзгаришларнинг ҳаётимизга таъсири тушунтириб ўтилди.
Шундан сўнг, Ўзбекистон Республикасининг иқтисодий манфаатларини ҳимоя қилиш, божхона хизмати органлари зиммасига юклатилган вазифаларни амалга ошириш борасидаги шарафли бурчини бажариш чоғида мардлик ва фидойилик кўрсатгани, ўз касбига садоқати, ишдаги юқори кўрсаткичлари ҳамда ёш авлодни Ватанга садоқат руҳида тарбиялашга қўшган муносиб ҳиссаси учун бошқарманинг бир гуруҳ ходимлари “Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 30 йиллиги” эсдалик нишони, Давлат божхона қўмитасининг қимматбаҳо совғаси -“Қўл соати”, “Фахрий ёрлиғи” шунингдек, турли китоблар тўплами, қимматбаҳо совғалари, пул мукофотлари ва ҳамда навбатдаги махсус унвонлар билан тақдирландилар.
Бундан ташқари Ўзбекистон божхона хизмати фахрийлари уюшмаси томонидан ушбу байрам муносабати билан уюшманинг “Ўзбекистон божхона фахрийси” кўкрак нишони билан тақдирланган фарғоналик икки нафар божхона фахрийсига кўкрак нишонлари топширилди.
Тадбир сўнгида байрам муносабати билан тақдирланган божхона ходимлари ва тадбирга таклиф этилган божхона тизимида кўп йиллар давомида хизмат қилган божхона фахрийлари байрам дастурхонига таклиф этилди.
Бир пиёла чой устида суҳбатлашган божхона фахрийлари тизимда фахрийларга берилаётган эътибордан мамнун эканликларини билдириб ўтишди.
Божхона фахрийларига ҳам бошқарманинг эсдалик совғалари топширилди.
1.09.2021