Хусусан, Наманган вилояти божхона бошқармаси томонидан ҳам божхона органларида кўп йиллар хизмат қилган ва хозирда кексалик гаштини сураётган божхона фаҳрийлари иштирокида “Уч авлод учрашуви” тадбири ўтказилди.
Наманган шаҳар Давлатобод туманида жойлашган “Туркистон” тантаналар мажмуасида бўлиб ўтган ушбу тадбирни вилоят божхона бошқармаси бошлиғи Х.Файзуллаев очиб бериб, тадбир иштирокчиларини ватанимиз мустақиллигининг 30 йиллиги билан чин дилдан табриклади. Шундан сўнг Давлат божхона қўмитасининг фахрийлар уюшмаси томонидан эътироф этилган бир гуруҳ божхона фаҳрийлари қимматбаҳо совғалар ҳамда фаҳрий ёрлиқлар билан тақдирланди.
Ўзаро суҳбат ва мулоқотларда мамлакатимизда инсон омилига юксак эътибор берилаётгани, давлатимиз раҳбари ташаббуси билан жамиятимизнинг ҳар бир аъзосига ғамхўрлик, меҳр-оқибат кўрсатилаётгани, инсон қадр-қиммати, унинг орзу-ниятларини рўёбга чиқаришга имконият яратиб бериш устувор вазифага айлангани бот-бот таъкидланди.
Тадбирда сўзга чиқган ёши улуғ божхона фахрийлари ҳаёт ва меҳнат фаолиятлари давомида тўплаган бой тажрибалари, ёшлик давридаги ўзига хос қийинчиликлар, меҳнат палласидаги машаққатлар, ниҳоят нуронийлик пайтида кўрсатилаётган ҳурмат-эҳтиром ҳақида ўз дил сўзларини, самимий фикрларини билдириб ўтишди. Эл-юрт равнақи йўлида мамлакатимиз раҳбарига яқин кўмакчи, камарбаста бўлиш лозимлиги уч авлодга мансуб юртдошларимиз ўртасида кечган самимий суҳбатлар бош мавзусига айланди.
Фахрийларнинг мана шундай шукуҳли кун, файзли оқшомда бирга кечган онлари, олган олам-олам таассуротлари фотосуратларга муҳрланди. Чунки айнан шу кечада барча учун янги марралар белгилаб олинди, Янги Ўзбекистон учун янги ташаббуслар, ғоялар илгари сурилди.
31.08.2021