Бу борада Давлатимиз раҳбари ва ҳукумат томонидан қатор ҳужжатлар қабул қилинди. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 3 майдаги “Маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-4307-сон Қарори, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 31 декабрдаги “Узлуксиз маънавий тарбия концепциясини тасдиқлаш ва уни амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 1059-сонли Қарори, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 26 мартдаги “Маънавий-маърифий ишлар тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-5040-сонли Қарори.
Турли зиддиятлар кучайиб бораётган бугунги дунё манзараларида ёшларимизнинг маънавий иммунитетини кучайтириш, уларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказиш ҳар қачонгидан ҳам долзарброқ эканини замоннинг ўзи кўрсатиб турибди.
Бу дунёда табиатда ҳам, жамиятда ҳам бўшлиқ бўлмайди. Қаердадир бўшлиқ пайдо бўлдими, ҳеч шубҳасиз, уни албатта кимдир тўлдиришга ҳаракат қилади. Ҳозирги кунда ана шундай маънавий бўшлиқни тўлдиришга уринадиган, шунинг ҳисобидан ўзининг ғаразли мақсадларини амалга оширишни ўйлаб юрганлар кўп. Минг афсуски, бу кучларнинг асл қиёфаси, мақсад муддаолари ва имкониятларини тўла ва аниқ-равшан тасаввур қилиш осон эмас. Нега деганда, улар турли ниқоблар, жозибали шиор ва ғоялар пардаси остида иш кўради. Бундай кучларнинг ихтиёрида жуда катта моддий, молиявий ресурслар ва имкониятлар мавжуд бўлиб, уларнинг пухта ўйланган, узоқ ва давомли ёвуз мақсадларига хизмат қилмоқда. Барчамизга маълумки, бугун дунёда кескин кураш ва рақобат ҳукм сурмоқда, манфаатлар тўқнашуви кучаймоқда. Глобаллашув жараёнлари инсоният учун беқиёс янги имкониятлар билан бирга кутилмаган муаммоларни ҳам келтириб чиқармоқда. Терроризм, экстремизм, трансмиллий ва кибер-жиноятчилик, одам савдоси, наркотрафик каби таҳдидлар хавфи ошиб бормоқда. Баъзи ҳудудларда атайин беқарорлик юзага келтирилиб, норозилик кайфияти авж олдирилмоқда. Миллий ўзлик ва маънавий қадриятларга қарши таҳдид ва хатарлар тобора ортмоқда. Фақат ўзини ўйлаш, меҳнатга, оилага енгил қараш, истеъмолчилик кайфияти турли йўллар билан одамлар, айниқса, ёшлар онгига устамонлик билан сингдириляпти. Бундай таҳликали вазиятда ҳушёр ва огоҳ бўлиб, халқимизнинг тинчлиги, мамлакатимиз манфаатларини ўйлаб яшаш зарур. Ҳаммамизга маълумки, юртимизда амалдаги конунчиликка биноан ҳар қандай инсон ўзи хохлаган динга эътиқод қилиши ёки ҳеч қайси динга эътиқод қилмаслик ҳуқуқига эга. Ҳамма учун виждон эркинлиги кафолатланган бўлиб, бу фуқароларимизнинг конституциявий ҳуқуқидир. Фуқаролар қайси динга эътиқод қилишни ўзлари танлайдилар, бир диндан бошқа динга мажбурлаб киритишга йўл қўйилмайди. Шунга карамай, баъзи бир диний гуруҳлар ҳозирги ахборот технологияларидан фойдаланган ҳолда аҳоли айниқса ёшлар орасида ғаразли фаолиятларини амалга оширишга ҳаракат қилмоқдалар.
Бугунги оммавий коммуникация технологияларининг шиддат билан ривожланиб, интернет тармоқларидаги xизматлардан фойдаланувчилар орасида ёшларнинг тобора ортиб бориши, бу борада ҳар биримизни янада ҳушёрроқ ва огоҳ бўлишимизни талаб этмоқда. Дарҳақиқат, ижтимоий тармоқларни кузатар эканмиз, ахлоқ нормаларига тўғри келмайдиган турли бузғунчи ғоялар билан бир қаторда динни тарғиб қилувчи ва у орқали жамиятда тинчлик ва барқарорликни издан чиқаришга, ўзаро адоват ва тўқнашувларга сабаб бўладиган ғояларни сингдиришга мойил бўлган салбий ҳолатларни кўришимиз мумкин. Хар бир нарсани ижобий ва салбий томони бўлганидек, ижтимоий тармоқлар ҳам яхшиликка ёки ёмонликка хизмат қилиши мумкин. Бизнинг вазифамиз уни эзгу йўлда хизмат қилдириш чораларини кўриш, унинг зарарларидан чеклашга ҳаракат қилишдир. Бугун дунё тез ўзгариб, ундаги воқеалар, мафкуралар, ғоялар тўқнашуви, шунингдек, Яқин Шарқ мамлакатларидаги қуролли можаролар, ибодат уйларидаги қўпорувчилик ишлари бизни ҳар қачонгидан сергак ва огоҳ бўлишга ундайди. Инсон ўзи учун ҳаловат ва тинчликни ўз идроки ва билими билан таъминлайди. Дарҳақиқат, инсон огоҳ бўлсагина ўзининг келажагига теран назар билан боқади, келиши мумкин бўлган хавфу хатарни келмасидан олдин бартараф қилиш ҳаракатида бўлади. Аксинча, ғофил ва бепарво бўлган кимса эса атрофида нималар бўлаётганига ҳам эътибор қаратмай, охир оқибат турли хил бало ва офатларга дучор бўлади.
Ёшларимизни мустақил фикрлайдиган, оқни қорадан, дўстни душмандан ажратишга қодир бўлган, эътиқодли, миллий ва умуминсоний қадриятлар рухида тарбиялаб, бой тарихимиз ва улуғ аждодларимиз ҳақида уларнинг хабардорлик даражасини оширишга эътибор қаратмас эканмиз, биз ўзгалар томонидан динни тарғиб қилиш орқали терроризм, экстремизм, диний адоват, оилага беписандлик, қонунчиликка ва кўп асрлик миллий урф-одатларимизга риоя қилмаслик каби салбий таъсир кўрсатилишига йўл қўйиб ва ёшларимизнинг порлок келажагига путур етказишимиз мумкин.
Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, бугунги кунда ўсиб келаётган ёш авлодни диний-миллий қадриятлар асосида тарбиялаш, улар қалбида ўз халқи, ватанига меҳр-садоқат туйғусини кучайтириш, уларни ҳар хил бузғунчи кучларнинг ахборот хуружларидан огоҳ этиш ва муносиб ҳимоя қилиш ҳар биримизнинг энг муҳим ва устувор вазифамиздир. Шундай экан, ҳозирги кунимизда улуғ неъматимиз бўлмиш тинчлик ва хотиржамлигимизга бепарво бўлмай, унинг қадрига етайлик, уни асраб авайлайлик, ундан манфаатли бўлган ишларни амалга ошириб фойдаланайлик!
Бобур ҚАЮМОВ,
Тошкент шаҳар божхона бошқармаси
катта инспектори
31.08.2021