Давлатимиз мадҳияси садолари остида бошланган тадбирда сўзга чиқаан Давлат божхона қўмитаси раиси М.Азимов нафақат Давлат божхона қўмитаси, балки ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа идоралар учун ҳам малакали кинологлар ҳамда хизмат итларини тайёрлашда Миллий кинология маркази республикамизнинг энг муҳим ўқув-услубий базаларидан бири эканлигини алоҳида таъкидлади.
Бундан 22 йил муқаддам 1996 йил 24 октябрда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Миллий кинология марказини ташкил этиш тўғрисида” 364-сон қарори асосида ушбу муассасага илк тамал тоши қўйилган эди.
Марказда ўтган йиллар давомида Давлат божхона қўмитаси ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа идораларнинг 1144 нафар кинолог мутахассислар ўқув курсларида таҳсил олиб, турли йўналишларда 2 минг 200 бош хизмат итлари тайёрлаб берилган.
2008 йилда Марказга Жаҳон божхона ташкилотининг Минтақавий кинология маркази мақоми берилган бўлиб, бу ўз навбатида унда яратилган инфратузилма ҳамда ўқув-машғулот жараёнларининг жаҳон стандартларига мос эканлигини исботлайди.
Тантанали маросим доирасида Марказда давлат божхона хизмати органларига ишга қабул қилинган ва Марказда бошланғич курс тайёргарлигини ўтаган 18 нафар тингловчилар яқинлари ва хамкасблари гувоҳлигида божхоначи қасамёдини қабул қилишди.
Шундан сўнг кинологлар Миллий кинология марказида олган билим ва кўникмаларини кўргазмали чиқишларда меҳмонлар эътиборига ҳавола қилишди.
Жумладан, кинологлар тўрт оёқли ёрдамчилари кўмагида яшириб қўйилган гиёҳванд ва портловчи моддаларни йиғилганлар қаршисида қидириб топишди, антитеррор йўналишида тайёрланган хизмат ити эса шартли жиноятчини тезкорлик билан ушлашда ўз маҳоратини намойиш қилди.
Ишонамизки, сафда шахдам қадам ташлаётган бу кинологлар келгусидаги хизмат фаолияти давомида республикамизнинг иқтисодий хавфсизлигини таъминлашда ўзларининг муносиб ҳиссасини қўшишади.
Давлат божхона қўмитаси
Ахборот хизмати
25.10.2018