Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг мамлакатимиз тадбиркорлари билан “очиқ мулоқот” шаклида ўтказган учрашувининг аҳамияти
4227
Тошкент шаҳридаги Ўзбекистон халқаро анжуманлар саройида 2021 йил 20 август куни Президент Шавкат Мирзиёевнинг тадбиркорлар билан янги форматдаги “очиқ мулоқоти” бўлиб ўтди.

Бундай учрашув илк бор ўтказилиб, унда жами ўн мингга яқин тадбиркор иштирок этди.

Мазкур учрашувда, жаҳон миқёсида юртимиз ҳақида сўз кетганда “Янги Ўзбекистон” ибораси тилга олинаётганлиги ва кейинги йилларда тараққиётнинг мутлақо янги босқичига қадам қўйганимиз, эришаётган ютуқларимизнинг замирида эса барча йўналишларда олиб борилаётган ислоҳотлар билан бир қаторда кичик бизнес ва тадбиркорликни ривожлантиришга қаратилган катта эътибор қаратилганлиги таъкидлаб ўтилди.

Ушбу “очиқ мулоқот” доирасида тадбиркорлардан келиб тушган 15 мингдан ортиқ мурожаатларда кўтарилган тизимли муаммаоларнинг ечимига қаратилган таклиф ва ташаббуслардан келиб чиқиб, Президентимиз томонидан қуйидаги 7 та муҳим йўналишлар, яъни: биринчи - тадбиркорларга кредитлар ажратиш ва молиявий қўллаб қувватлаш, иккинчи - солиқ тизимини такомиллаштириш ва бизнесга солиқ юкини камайтириш, учинчи - ер ажратиш механизмларини такомиллаштириш, тўртинчи - муҳандислик-коммуникация инфратузилмасини яратиш, бешинчи - экспорт қилувчи корхоналарни қўллаб-қувватлаш, олтинчи - транспорт-логистика соҳасини ривожлантириш, еттинчи - тадбиркорлик фаолиятига аралашувларни қисқартиришга асосий эътибор қаратилди.

Президентимиз маърузасида, солиқ тизимини такомиллаштириш йўналишида “Эркин иқтисодий зоналар” тўғрисидаги қонун қабул қилингунга қадар “эркин иқтисодий зоналар”дан рўйхатда ўтган тадбиркорларга берилган барча имтиёзлар сақланиб қолиниши ва бу йўналишда қонун қабул қилиниши, шунингдек қўшилган қиймат солиғининг узлуксиз занжирини яратиш бўйича кенг ислоҳотлар олиб борилаётганлиги, шу боис  “махсус иқтисодий зоналар” иштирокчиларига қўшилган қиймат солиғининг ортиқча қисмини 7 кун ичида қайтариб бериш тартиби жорий қилиниши, ички бозорда тенг рақобат муҳитини яратиш мақсадида экспорт учун олиб келинаётган хом ашё импорт божидан озод этилиши таъкидлаб ўтилди.

Бундан ташқари, четдан олиб келинган товарлар учун қўшилган қиймат солиғини 120 кун давомида бўлиб – бўлиб тўлашда тадбиркорларга фоизлар ҳисобламаслик ва гаров талаб қилинмаслик тартиби жорий қилинади.     

Мазкур ислоҳотларнинг исботи сифатида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 24 августдаги “Қўшилган қиймат солиғи маъмурчилигини такомиллаштириш тўғрисида”
ПҚ-5231-сон қарори қабул қилиниб, инсофли солиқ тўловчиларга солиқ мажбуриятларини бажариш учун янада қулай шарт-шароитлар яратиш мақсадида, 2021 йил 1 октябрдан экспорт қилинадиган товарлар учун ишлатилган, ҳақиқатда олинган товарлар (хизматлар) бўйича тўланиши лозим бўлган (тўланган) қўшилган қиймат солиғи суммасини солиқ тўловчининг Ўзбекистон Республикасидаги банк ҳисобварағига чет эл валютаси тушуми келиб тушишидан қатъий назар ҳисобга олиш тартиби ўрнатилиб, мазкур имконият охирги бир йил давомида валюта тушумларини ўз вақтида таъминлаб келаётган ва экспорт шартномалари бўйича муддати ўтган дебитор қарздорлиги бўлмаган интизомли солиқ тўловчиларга татбиқ этилиши белгиланди.

Шунингдек, ушбу қарор билан 2022 йил 1 январдан бошлаб қўшилган қиймат солиғини салбий суммасини қоплаш (қайтариш) учун солиқ органларига ариза билан алоҳида мурожаат қилиш ҳақидаги мажбурий талаб бекор қилинади ҳамда 2021 йил йил якунига қадар товарларни импорт қилиш ва реализация қилишда тўланадиган қўшилган қиймат солиғи суммаларини ўзаро ҳисобга олиш тартиби ишлаб чиқилиб, тажриба тариқасида 2022 йил 31 декабргача амалиётга жорий қилинади.   

Экспорт корхоналарини қўллаб – қувватлаш йўналишида  тўқимачилик корхоналарига экспортдан валюта тушумини кутмасдан қўшилган қиймат солиғини қайтариб бериш тартиби амалда ўз самарасини берганлиги боис 2021 йил 1 октябрдан бошлаб мазкур тартиб барча тармоқларнинг ҳалол ва интизомли бошқа экспортёрларга нисбатан ҳам татбиқ этилиши таъкидланди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 24 августдаги “Ўзбекистон Республикаси Президентининг тадбиркорлар билан “очиқ мулоқоти”да белгиланган вазифаларни амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида” Ф-5689-сон Фармон билан “Йўл харитаси” тасдиқланиб, унга кўра тегишли вазирлик ва идоралар раҳбарларига:

- юқори сифат ва назорат тизимига эга мамлакатлардан сертификатланган ва декларацияланган асбоб-ускуна, бутловчи қисмлар, хом ашёлар олиб келинганда миллий сертификат олиш амалиётини бекор қилиш;

- шунингдек бугунги кунда айрим турдаги ярим тайёр маҳсулотлар ва хом ашёларнинг импорт божи ставкаси юқорилиги сабабли уни мамлакатимизда ишлаб чиқаргандан кўра четдан олиб келиш арзонроқ тушаётганлигини инобатга олиб, ярим тайёр маҳсулотлар ва хом ашёларнинг импорт божи ставкасини пасайтириш;

- йилига 1 млн. АҚШ долларидан ортиқ экспорт ҳажмига эга тўқимачилик корхоналари томонидан хом ашё импорт қилинганда, божхона тўловларини гаров таъминотисиз 120 кунга кечиктириб тўлаш тизимини жорий қилиш;

- қурилиш учун мўлжалланган металл прокатлар ишлаб чиқаришда фойдаланиладиган замонавий индукцион печлардан фойдаланишга қўйилган чекловларни 1 ноябрдан бекор қилиш ва бундай печларни 2023 йил 31 декабрга қадар босқичма-босқич электрда пўлат эритиш печи ва бошқа инновацион, замонавий талабларга жавоб берадиган печларга алмаштириш чораларини кўриш бўйича тадбирларни ўз вақтида ва сифатли бажариш топшириғи берилди.

Транспорт – логистика соҳасини ривожлантириш йўналишида маҳсулотларимиз рақобатбардош бўлиши ва янги бозорларга чиқиши ҳамда ҳудудлараро савдо ва кооперация алоқаларини боғлашда транспорт логистика масаласи муҳим ўрин тутади. Шу боис тадбиркорлар юкларини автотранспорт воситасида ташишни енгиллаштириш ва ташиш харажатларини камайтириш мақсадида, юк автотранспорт воситаларига божхона имтиёзларини 3 йилга узайтириш бўйича Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 19 августдаги “Автомобиль транспортида юк ташувчиларни қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” 5225-сонли қарор имзоланди.

Ушбу қарор билан, юк ташиш учун мўлжалланган, ишлаб чиқарилганига 7 йилдан ошмаган «Евро-5» ва ундан юқори экологик тоифа талабларига мос келадиган автотранспорт воситалари (ТИФ ТН кодлари 8701 20, 8704 22 (самосваллардан ташқари) ҳамда тиркамалар ва ярим тиркамаларга (ТИФ ТН кодлари 8716 31, 8716 39) 2025 йил 1 январга қадар Ўзбекистон Республикасига импорт қилишда уларга божхона божининг, утилизация йиғимининг ва автотранспорт воситаларини сотиб олганлик учун автотранспорт йиғимларининг ноль ставкалари қўлланилиши, шунингдек юқорида кўрсатилган талабга жавоб берадиган Европа Иттифоқи мамлакатларида ишлаб чиқарилган транспорт воситалари 2025 йил 1 январга қадар Ўзбекистон Республикасига импорт қилишда мажбурий сертификатлашдан озод қилиниши белгиланди.

“Очиқ мулоқот”да Президентимиз – “Агар биз, иқтисодиётимизни янада юксалтирамиз десак, тадбиркорликни ривожлантириш учун, барча имконият ва шароитларни яратиб беришимиз зарур” – деб таъкидлаб, бундай тадбирларни анъанага айлантирган ҳолда ҳар йили ташкил этиш мақсадида 20 августни мамлакатимизда “Тадбиркорлар куни” деб эълон қилиш таклифини билдиргани ва бу бир овоздан маъқуллангани ҳам ушбу йўналишда келгусида олиб бориладиган ислоҳотларнинг белгисидир.

Ўзбекистон Республикаси Президенти, Ҳукуматимиз ва Давлат божхона қўмитаси томонидан берилган топшириқлар ижросини жойларда тўлақонли бажариш мақсадида, вилоят, туман ҳокимликлари ва мутасадди идоралар вакилларидан ташкил этилган Ишчи гуруҳи томонидан бугунги кунда вилоятда фаолият олиб бораётган тадбиркорларга божхона соҳасида сифатли хизмат кўрсатиш, қонунчилик асосида ҳуқуқий маслаҳатлар бериш, уларнинг фаолиятида мавжуд муаммоларини жойнинг ўзига чиққан ҳолда “мижозбай” тизимида ўрганилиб яқиндан кўмак кўрсатиб келинмоқда.

Ўтказилган “очиқ мулоқот”дан кўзланган мақсад, ҳудудларда иқтисодиётни эркинлаштириш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, чет эл инвестицияларини фаол жалб қилиш, товарлар (ишлар ва хизматлар)дан эркин фойдаланишни таъминлаш, хўжалик юритувчи субъектлар учун енгилликлар яратиш, рақобатбардош ишлаб чиқаришни рағбатлантириш, тадбиркорликни ва соғлом рақобат муҳитини қўллаб-қувватлаш, экспорт салоҳиятини кенгайтириш ва рағбатлантириш ҳамда ички бозорни сифатли истеъмол товарлари билан таъминлаш, қолаверса янги иш ўринлари яратиш тизимини шакллантиришда муҳим аҳамият касб этади. 

Хайруллаев Шухрат Шарифович, 
Сирдарё вилояти божхона бошқармаси бошлиғи

31.08.2021

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг