Мазкур халқаро форумда жорий йилда иқтисодиётнинг барча тармоқларида, ҳудудларда жорий этилган инновациялар, 2019-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини инновацион ривожлантириш стратегияси моҳияти кенг жамоатчиликка етказилди. Ташкил этилган инновация ҳафталиги доирасида Давлат божхона қўмитаси ҳам божхона назорати ва расмийлаштирувини амалга оширишнинг самарали усулларини қўллаган ҳолда, божхона жараёнини соддалаштиришга қаратилган энг замонавий, илғор инновацион технологиялари билан иштирок этди.
Инновацион ғоялар ҳафталигида иштирок этган тадбиркорлар божхона органларида жорий этилган хавфни бошқариш тизими билан яқиндан танишишди. Мазкур тизимни қўллаган ҳолда товар ва транспорт воситаларини танлов асосида божхона назоратидан ўтказиш мумкинлиги, бу ўз навбатида товарларнинг божхона ҳудуди орқали ўтказиш тартибини соддалаштириши ҳамда божхона жараёнлари вақтини қисқартириши божхоначиларимиз томонидан батафсил тушунтириб берилди.
Соҳада қўлланилаётган интерактив хизматлар ТИФ иштирокчилари томонидан божхона органларига интернет тармоғи орқали масофадан мурожаат этишга имкон бериши, бу эса ўз навбатида уларнинг вақти ва иқтисодий ҳаражатларини қисқартириши слайд ёрдамида кўрсатилди.
Тадбир якунида Инновацион ривожланиш вазирлиги раҳбарияти томонидан тадбирда фаол иштирок этган энг илғор ташкилот ва муассасалар сертификат ва эсдалик совғалар билан тақдирланди. Тадбир ташкилотчилари томонидан Давлат божхона қўмитаси тайёрлаган стендлар юқори савияда эканлигини алоҳида таъкидлаб, Инновацион ривожланиш вазирлиги раҳбарияти томонидан “Энг инновацион стенд” номинацияси бўйича диплом ва вазирликнинг махсус совғаси билан тақдирланди.
Давлат божхона қўмитаси
Ахборот хизмати
25.10.2018