Шундай тадбирлардан бири, Сирдарё вилояти божхона бошқармасида ташкил этилиб, букилмас ирода ва жасорат намунасини амалда намоён этиб, ўз ҳаётини азиз Ватанимизнинг ҳар томонлама равнақ топишига ҳисса қўшган, кўп йиллар давомида божхона тизимида хизмат қилган божхона фахрийлари таклиф этилдилар.
Вилоят божхона бошқармасининг шахсий таркиби ва соҳа фахрийлари иштирокида ташкил этилган учрашувни бошқарма бошлиғи Ш.Хайруллаев кириш сўзи билан очиб берар экан, бугунги кунда Президентимизнинг олиб бораётган одилона сиёсати замирида мамлакатимизда тинчликни мустаҳкамлаш, халқимиз фаровонлигини юксалтириш, кексаларни эъзозлаш, эртамиз эгаларини баркамол қилиб вояга етказишда асосий устувор йўналишлар сифатида алоҳида эътибор қаратилаётганлигини, бинобарин, буюк аждодларга муносиб бўлишимизга, юртимиз тараққиётига дахлдорлик ҳисси билан яшаш ҳар биримиз, айниқса, ёшларимизнинг муқаддас бурч эканлигини, жамиятимизнинг асосий таянчи, ишончи ва пойдевори бўлган ёш авлодни баркамол қилиб ўстириш, ўзларининг бой хаётий тажрибалари билан ёшларга ибрат ва ўрнак кўрсатишда фахрийларимизнинг ҳам ўрни ва роли беқиёс эканлигини таъкидлаб ўтди.
Мазкур ташкил этилган “Уч авлод учрашуви”дан кўзланган асосий мақсад, фахрийларимизнинг божхона органларида узоқ йиллар хизмати давомида ортирган бой ҳаётий тажрибаларидан ёшларга сабоқ беришдан иборат бўлиши айтиб ўтилди.
Шу билан бирга, ушбу учрашувда божхона фахрийлари бошқарманинг биринчи раҳбари Э.Асқаров ҳамда фахрийлар уюшмаси раиси Э.Жумановлар сўзга чиқишиб, ҳозирда мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида алоҳида тўхталиб, ёш ходимларга бугунги кунда Муҳтарам Президентимиз томонидан божхона органларига яратиб берилаётган шарт-шароитлар, қулайликлардан унумли фойдаланган ҳолда ҳалол, сидқидилдан ва садоқат билан Ватанга хизмат қилиш кераклигини, шу билан бирга, касб маҳоратларини оширишда чуқур билим эгаллашларини, божхона имиджини ошириш йўлида барча билим ва кўникмаларини аямасдан меҳнат қилишлари лозимлигини айтиб ўтишди.
Шундан сўнг, божхона фахрийлари ва тизимда эришаётган ютуқлари, божхона органларининг обрў-эътиборини юксалтиришга муносиб ҳисса қўшаётган, тенгдошларига ўрнак ва намуна бўлиб келаётган бир гуруҳ фаол ёш ходимлар рағбатлантирилдилар ҳамда уларга эсдалик совғалари топширилди.
Келгусида бу каби учрашувларни мунтазам равишда ташкил этилиши келишиб олинди.
31.08.2021