Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Фарғонада “Янги Ўзбекистон демократик ўзгаришлар, кенг имкониятлар ва амалий ишлар мамлакатига айланмоқда” мавзусидаги тадбир бўлиб ўтди
802
Фарғона вилояти божхона бошқармасида Президентимизнинг “Янги Ўзбекистон” газетаси бош муҳарририга берган интервьюсини ўрганишга қаратилган тадбир бўлиб ўтди. Тадбирга Фарғона давлат университитети Фалсафа фанлари доктори Иномжон Асатуллаев ва Фарғона Политехника институти Менежмент кафедраси мудири Муроджон Фаёзовларни мазкур интервью ва унинг аҳамияти, юртимизда бўлаётган ўзгаришлар бўйича бошқарма барча шахсий таркибига амалий тушунтириш бериш мақсадида таклиф этилди.
Фарғонада “Янги Ўзбекистон демократик ўзгаришлар, кенг имкониятлар ва амалий ишлар мамлакатига айланмоқда” мавзусидаги тадбир бўлиб ўтди

Тадбир аввалида Янги Ўзбекистон ибораси уни барпо этиш жараёни шунчаки хоҳиш-истак ёки субъектив ҳодиса эмаслиги, балки туб тарихий асосларга эга бўлган, мамлакатимиздаги мавжуд сиёсий-ҳуқуқий, ижтимоий-иқтисодий, маънавий-маърифий вазиятнинг ўзи тақозо этаётган, халқимизнинг асрий интилишларига мос, халқимизнинг миллий манфаатларига тўла жавоб берадиган объектив зарурат эканлиги тушунтирилди.

Бунда Президентимиз томонидан “Янги Ўзбекистон – демократия, инсон ҳуқуқ ва эркинликлари борасида умумэътироф этилган норма ва принципларга қатъий амал қилган ҳолда, жаҳон ҳамжамияти билан дўстона ҳамкорлик тамойиллари асосида ривожланадиган, пировард мақсади халқимиз учун эркин, обод ва фаровон ҳаёт яратиб беришдан иборат бўлган давлатдир” деб берилган таъриф ва унинг моҳияти тадбир қатнашчиларига етказилди.

– Муҳтарам Президентимиз аввало мустақиллик давридан сўнг эришилган ютуқлар ва бунёдкорлик ишларига алоҳида тўхталиб ўтдилар. Бу жараёнда халқнинг матонати, сабр бардоши алоҳида таҳсинга сазовор эканлиги таъкидланди. Дарҳақиқат сўнгги 5 йилда юртимиз барча жабҳаларида янада ривожланди. Дунё мамлакатлари ичида кўзга кўринган миллат дея танилди. Ҳар бир соҳага алоҳида эътибор қаратиб, юртимизни янада ривожлантиришга астойдил ҳаракат қиляптилар. Хусусан, божхона тизимида ҳам сезиларли даражада ўзгаришлар бўлди. Соҳада хавфни бошқариш тизими амалиётга киритилиши натижасида божхона назорати ва расмийлаштирув жараёнлари вақти қисқартирилган бўлса, рақамли божхона тизимига ўтилиши натижасида ишларнинг онлайн шаклда олиб боришига ҳамда инсон омилининг имкон қадар камайишига олиб келиб, тизимда шаффофлик таъминланди - дейди божхона бошқармаси бошлиғи ўринбосари Ботирали Толипов.

Мамлакатимизда амалга оширилаётган сиёсий-ҳуқуқий, ижтимоий-иқтисодий, маънавий-маърифий ислоҳотлар жараёнида “Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак” деган муҳим конституциявий тамойилни жорий этишга устувор аҳамият берилмоқда.

Мамлакатимизда барча соҳаларда бўлгани каби ижтимоий соҳага ҳам катта эътибор қаратилди. Бунинг ижтимоий аҳамиятини эндиликда фуқаролар ўз ҳаётларида кўриши мумкин. Бундан ташқари “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари”нинг юритилиши  барчанинг ҳаётида ўзгача ўрин эгаллади. Яқинда “Меҳр дафтари”нинг пайдо бўлиши эса жуда катта янгилик бўлди. Меҳрибонлик уйларида тарбияланаётган болалар ҳам эндиликда ўзларини тўлақонли шахс сифатида ҳис эта олади. Энди улар ота онам йўқ дея ўксинишларига йўл қўйилмайди. Мана шундай хайрли ишлар ҳали ҳеч қайси мамлакатда кузатилмаган. Бу ҳам халқнинг манфаатлари йўлида тинмай меҳнат қилаётган меҳрибон юртбошимизнинг эзгу меҳнати ҳисобланади, -дейди ФарДУ фалсафа фанлари доктори Иномжон Исатуллаев.

Президентимизнинг “Ишончим комил, биз жонажон Ватанимизга бўлган чексиз меҳримиз ва садоқатимизни муқаддас байроқ қилиб, бор билим ва тажрибамиз, ақл-заковатимизни ишга солиб, ягона халқ, ягона миллат бўлиб, кўзлаган эзгу мақсадларимизга албатта етамиз.  Янги Ўзбекистон жаҳон майдонида кучли салоҳият, муносиб обрў-эътиборга эга бўлган, ҳар томонлама обод ва фаровон  мамлакатга айланади.” – деган сўзлари ҳар бир инсонга куч қудрат бағишлайди. Мана шундай элнинг фарзанди эканлигимиздан фахрланамиз!

 

31.08.2021

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг