Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Коррупцияга қарши курашишда қонунчиликдаги янгиликлар муҳокама қилинди
1432
Мамлакатимизда коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши муросасиз курашишнинг илғор халқаро стандартларга асосланган тизимини жорий этиш бўйича изчил чоралар кўрилмоқда.
Коррупцияга қарши курашишда қонунчиликдаги янгиликлар муҳокама қилинди

Жумладан, давлат органлари ва ташкилотларининг фаолиятида очиқлик, ошкоралик ва шаффофликни таъминлаш ҳамда мансабдор шахсларнинг аҳоли олдидаги ҳисобдорлигини йўлга қўйиш орқали давлат бошқарувида самарали ва таъсирчан жамоатчилик назоратини амалга ошириш учун зарур шароитлар яратилди.

Илк бор коррупциявий хавфларни аниқлаш ва тизимли таҳлил қилиш, уларни келтириб чиқарувчи омилларни бартараф қилиш учун масъул бўлган алоҳида орган — Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ташкил этилди. Давлат ҳокимияти органлари ва йирик хўжалик юритувчи субъектларда коррупцияга қарши ички назорат тузилмалари фаолияти йўлга қўйилмоқда.

Ҳозирги кунда коррупция ҳолатларининг ҳар қандай кўринишларига нисбатан муросасиз муносабатда бўлиш ва унга қарши аёвсиз курашиш барча даражадаги давлат органлари раҳбар ва ходимларининг энг устувор вазифасига айланди.

Хусусан, Фарғона вилояти божхона бошқармаси “Қиргули” ташқи иқтисодий фаолият божхона постида ходимлар ва божхона постида божхона расмийлаштируви ҳамда сертификатлаштириш идоралари ходимларининг ҳуқуқий билим ва савиясини ошириш, шунингдек божхона расмийлаштируви жараёнларида коррупция каби салбий ҳолатларга чек қўйиш, унинг ҳуқуқий оқибатларини етказиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 6 июлдаги “Коррупцияга қарши муросасиз муносабатда бўлиш муҳитини яратиш, давлат ва жамият бошқарувида коррупциявий омилларни кескин камайтириш ва бунда жамоатчилик иштирокини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-6257-сонли фармони ҳамда ”Коррупцияга қарши курашиш фаолиятини самарали ташкил этишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-5177-сонли қарори мазмун моҳиятини тушунтириш мақсадида давра суҳбати бўлиб ўтди.

Давра суҳбатида Фарғона вилояти божхона бошқармаси Ҳуқуқий хизмат гуруҳи катта инспектори М.Ибрагимов ва вилоят адлия бошқармаси ҳуқуқий тарғибот ва маърифат бўлими етакчи маслаҳатчиси Э.Қаландаровлар томонидан қатнашчиларга  мазкур фармон ва қарор бўйича амалга киритилаётган ва ўзгариши кутилаётган тартиблар бўйича маълумот берилди, яъни 2021 йил 1 сентябрдан бошлаб давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларида ишга қабул қилиш тизими бутунлай ўзгартирилиши, ҳар бир ходимларнинг ишга қабул қилиниши очиқ танлов асосида амалга ошириш ҳамда танлов доирасида ўтказиладиган синов тадбирлари бевосита интернет тармоғи орқали реал вақт режимида кузатиш имкони яратилади. Бундан асосий кўзланган мақсад давлат бошқарув органларига ишга қабул қилиш жараёнларидаги коррупция, маҳаллийчилик ва ўзаро манфаатлар тўқнашувларига чек қўйилиши тушунтирилди.

Бундан ташқари Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан “Коррупцияга оид жиноятларни содир этишда айбдор деб топилган шахсларнинг очиқ электрон реестри”нинг юритилиши тушунтирилди. Реестрга киритилган мансабдор шахслар ва ходимларга давлат хизматига кириш ва давлат мукофотлари билан тақдирланиш, сайланадиган ва алоҳида тартибда тайинланадиган лавозимларга номзодларининг кўрсатилиши, давлат органлари ҳузуридаги жамоатчилик кенгашлари ҳамда идоралараро коллегиал органларнинг аъзоси бўлиш ва бир қатор муассасаларда раҳбарлик лавозимларида фаолият юритишлари таъқиқланиши муҳокама қилинди.

31.08.2021

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг