Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ва Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси ўртасида тузилган ўзаро ҳамкорлик тўғрисидаги Меморандумга мувофиқ аҳолининг божхона органлари фаолиятига нисбатан муносабати, соҳада коррупцияга қарши курашиш, шаффофлик ва очиқликни таъминлаш йўналишида амалга оширилаётган ишларнинг ҳолати юзасидан божхона постлари ва ижтимоий тармоқлар орқали аҳоли орасида сўровномалар ўтказиш ва натижаларини таҳлил қилиб бориш йўлга қўйилган.
Бу эса тизимда коррупцияга қарши курашиш йўналишида кўрилаётган чора-тадбирлар нечоғлиқ самарали ташкил этилаётганлигини ҳар томонлама объектив баҳолаш, шунингдек, истиқболда амалга оширилиши лозим бўлган ишларни аниқлаб олиш имконини бермоқда.
Шу билан бирга, Сирдарё вилояти божхона бошқармаси ва Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги Сирдарё вилояти бошқармаси билан ҳамкорликда тасдиқланган пресс-тадбирлар қўшма режасига асосан,
Сирдарё вилояти телевидениясида “Коррупцияга қарши курашиш ва бу борада божхона органларида амалга оширилаётган ишлар” мавзусидаги “Юзма-юз” кўрсатуви тўғридан-тўғри эфирга узатилди.
Ушбу кўрсатувда, божхона органлари томонилан коррупцияга қарши курашиш борасида амалга оширилаётган ишлар, ходимларга яратилаётган шароитлар ҳамда коррупцияга қарши курашиш бўйича ишлаб чиқилган чора-тадбирлар тўғрисида маълумотлар берилди.
Хулоса қилиб айтганда, коррупция — жамият тараққиёти учун жуда хавфли жиноят бўлиб, давлатни ич-ичидан емириб боради, халқ орасида давлатга нисбатан ишончсизликни кучайтиради. Бу иллат давлат ва жамиятда соғлом муҳитнинг қарор топиши, мамлакатнинг барқарорлиги, тинчлиги ва тараққиёти учун хавф солади. Адолат қарор топган демократик фуқаролик жамиятида яшамоғимиз учун нафақат давлат идораларида фаолият юритаётган ходимлар ва раҳбарлар, балки, ҳар биримиз масъул эканлигимизни унутмаслигимиз, коррупцияга қарши курашиш барчамизнинг бурчимиз эканлигини англашимиз, унинг олдини олиш, йўқ қилиш, унга нисбатан муросасиз бўлишда ҳар биримиз ўз ҳиссамизни қўшмоғимиз зарур.
Шу ўринда, божхона соҳасида коррупцион ҳаракатлар содир этилганлигининг гувоҳи бўлганингизда, бу каби салбий ҳолатларнинг олдини олиш ва унга қарши курашиш муҳим вазифа эканлигини инобатга олиб, Давлат божхона қўмитасининг қисқа 11-08 рақамли “Ишонч телефони” орқали куннинг исталган вақтида мурожаат этишингиз мумкинлигини эслатиб ўтамиз.
31.08.2021