Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Профайлинг - икки йўлакли тизим шароитида хавфларни бошқаришнинг самарали усули
2977
Ўзбекистон Республикаси божхона ишининг ҳуқуқий нормалари базасини халқаро стандартларга, биринчи навбатда Бутунжаҳон божхона ташкилотининг “Божхона процедураларини соддалаштириш ва уйғунлаштириш” конвенцияси (Киото конвенцияси) стандартларига мувофиқлаштириш, божхона назорати ва божхона расмиятчиликларини янада соддалаштириш, тартиб-тамойилларга сарфланаётган вақт ва харажатни қисқартириш ҳамда божхона назорати жараёнларига хавфни бошқариш тизимини жорий қилиш мақсадида, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 11 октябрдаги “Ўзбекистон Республикаси божхона чегараси орқали ўтказиш пунктларида икки йўлакли тизимни қўллаш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги 814-сон қарорига асосан, икки йўлакли тизим 2018 йил 1 январдан бошлаб - Ўзбекистон Республикаси халқаро аэропортларида жорий қилинган, 2021 йил 1 январдан бошлаб - Ўзбекистон Республикаси божхона чегараси орқали автомобиль ва темир йўл ўтказиш пунктларида жорий этилди.

Минглаб постдан ўтувчилар орасидан айни  ҳуқуқбузарни топиш божхона ходимидан инсон руҳияти, психологиясини билишни тақозо этади. Божхона ходими икки йўлакли тизим шароитида божхона чегасини кесиб ўтаётган фуқароларни танлаб, шубҳали хатти-ҳаракатларни амалга ошираётганларни божхона назоратидан ўтказиши, улар билан мулоқотга киришиши, мулоқот самарадорлигига эришиши, фуқароларни сўраб-суриштириши ва шу жараёнда ҳуқуқбузарлик ҳолатларини аниқлаши лозимдир.

Божхона органларининг ўзгаришларга бой фаолияти ҳар бир ходимдан психологик ҳодисалар қонуниятларини билиш ва шунга мос тарзда оқилона иш юритиш заруратини талаб қилмоқда. Зеро, божхона соҳаси ўзининг мураккаб, комплекс хусусиятига кўра турли мазмун ва тоифадаги психологик ҳолатларни ўрганишни тақозо этади.

Божхона ходими янги давр психологияси талабларига мос равишда, аввало, ўзини, ўз психологик имкониятларини билиши, бу борадаги камчиликларини бартараф этиши лозим. Шунингдек “ён-атрофдагилар” ва уларнинг психологиясини яхши билиши, божхона чегарасидан ўтаётган фуқаролар билан мулоқот ўрнатиши ва уларни божхона назоратидан ўтказишда психологик тактикадан самарали фойдалана билиши лозим.

Жисмоний шахсларга нисбатан тўлиқ автоматлаштирилган хавфларни бошқариш тизимини жорий қилиш анча мушкулроқ, бироқ “яшил” йўлакдан ҳаракатланаётган жисмоний шахслар орасидан божхона қоидаларини бузиш эҳтимоли юқори бўлган, хавф гуруҳига кирадиган жисмоний шахсларнинг профилларини шакллантириш, яшил йўлакдан ҳаракатланаётган жисмоний шахслар ҳақида маълумотларни тўплаш ва божхона инспекторига дастлабки маълумот сифатида етказиб бериш орқали юқори натижаларга эришиш мумкин. Бундай маълумотларга масалан йўловчининг божхона чегарасини кесиб ўтиш частотаси, шахс томонидан божхона қоидаларини бузиш ҳолатлари, ўз эҳтиёжи учун олиб келган миқдорий нормаларга кўра  маиший техника, идиш-товоқлар ва бошқа барча товарларни олиб киришга доир маълумотлар ва бошқалар мисол бўлади. Маълумки, ҳозирги кунда инсонларни ташқи кўриниши, юзига қараб юқори аниқликда идентификация қиладиган кузатув камералари мавжуд.

Хитойда, Шэньчжэнь шаҳрида  мазкур камералардан метрога кириш чоғида йўлкира ҳақини автоматлаштирилган ҳолда тўлаш тизими синовдан ўтказилмоқда. Шу билан бир қаторда, кузатув камералари ёрдамида жисмоний шахсларнинг физиологик ҳолати, унинг ҳаракат траекториясини таҳлил қилиш мумкин. Физиологик ҳолати деганда тана ҳароратининг кўтарилиши, терлаши, шу орқали унинг кучли ҳаяжонланиши ва бошқа маълумотлар тушунилади. Ҳаракат траекториясини кузатиш орқали махсус дастурлар ёрдамида номутаносибликни, ҳаракатлардаги номутаносиблик ва шубҳали жиҳатлари кўрсатиб берилади.  Масалан: “яшил” йўлакка қараб ҳаракатланди, сўнг  «қизил» йўлак олдига келиб, сўнгра “яшил” йўлак орқали ўтди.  Албатта «яшил» йўлакдан ҳаракатланаётган жисмоний шахслар олдин божхона қоидаларини бузган бўлса ёки терласа, ҳаяжонланса ёки мантиқсиз ҳаракатларни амалга оширса, бунинг ҳар бирига асосли, оқловчи сабаблар топилади. Бироқ, бу белгиларнинг барчаси бир одамда намоён бўлса, уни божхона назоратидан ўтказишга кўпроқ вақт сарфлаш, унинг қўл юки ва багажини синчковлик билан текшириш мақсадга мувофиқ бўлади.

Ҳозирги кунда дунё ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари фаолиятида хавфларни таҳлил этиш учун психология усулларидан бири бўлган профайлингдан кенг фойдаланилмоқда.

Махсус адабиётларда “профайлинг” тушунчасини ёритиб берувчи бирорта хам таъриф йўқ. Асосан, ушбу сўз инглизча profile — профиль сўзидан келиб чиққан ва касбий фаолиятга тегишли деб ҳисобланади.

Лекин, баъзи бир манбаларга кўра профайлинг ибораси остида қуйидагилар тушунилади:

- шахс тўғрисида ахборот берувчи белгилар, ташқи қиёфа ва ўзини тутиш тавсифлари таҳлили асосида инсоннинг ўзини тутишини баҳолаш ва башорат қилишнинг услуб ва услубиётлари мажмуаси;

- эҳтимолий хавфли шахсларни (аэропортларда, темир йўл, денгиз, дарё, автовокзаллари ва бошқаларда) аниқлаш мақсадида йўловчиларни кузатиш ва сўровдан ўтказиш технологияси.

Мутахассисларнинг фикрича шахсларни профайлинг технологияси орқали профиллаш мумкин бўлган хавф тўғрисида энг аниқ маълумотларни олишга имкон беради ва ундан аэропортларда, транспортда, гавжум жойларда террорчилик ҳаракатларини олдини олишда, чегаралар орқали ноқонуний контрабанда ашёларини олиб ўтишни аниқлашда самарали фойдаланиш мумкин.

Профайлинг технологияси ХХ асрнинг 70-чи йилларида Исроилдаги “Эль-Аль” авиакомпанияси томонидан қўлланила бошлаган. У йўловчиларни ҳаво транспортида ташиш билан боғлиқ хатарлар эҳтимолини пасайтиришга йўналтирилган ва учишдан олдинги текширув вақтида қўлланилар эди. Одатда, бу, йўловчиларнинг, оддий бўлиб туюлувчи саволларга ностандарт реакцияларини аниқлашга қаратилган саволлар мажмуаси бўлган. Шу сабабдан ушбу технологиянинг қўлланилиши “Эль-Аль” авиакомпаниясига дунёда энг хавфсиз авиакомпания мақоми олиш имконини берган

Божхона хизмати ходимлари фаолиятида профайлинг усулидан фойдаланишдан асосий мақсад – фуқаролар билан уларнинг ўзига хос хусусиятларини вербал ва новербал мулоқот воситаларидан фойдаланган ҳолда аниқлаш ва унга қараб психологик таъсир этиш механизмини ишлаб чиқишдан иборат.

Шу маънода профайлинг тизимининг божхона органлари фаолиятидаги аҳамияти қуйидагиларда намоён бўлади:

божхона чегараси орқали ҳаракатланаётган шахсларни назоратдан ўтказиш;

давлат ва жамият хавфсизлигини таъминлаш;

назоратдан ўтаётган фуқаролар самимийлигини аниқлаш;

хизмат текшируви ва суриштирув жараёнларида адолат қарор топишини таъминлаш;

шахсий таркиб ўртасида ҳақиқий психологик муҳитни шакллантириш;

божхона органларида иш самарадорлигини ошириш ва божхона назоратини такомиллаштириш.

Божхонада профайлингни қўллаш орқали “яшил” йўлакдан ўтаётган “жуда юқори хавф туғдирувчи” йўловчиларга асосий куч ва воситаларни қаратиш орқали божхона қоидаларини бузилиш ҳолатларни аниқлаш самарадорлиги ошади,  уларнинг қўл юки ва багажларни кўрик рентген техникасидан ўтказишда қонунбузарлик объектларини аниқлаш учун асосий индикатор сифатида хизмат қилади. Инспекторлар томонидан рентген тасвирини мукаммал таҳлил қилиш, ортиқча вақт сарфлашни мақсадга мувофиқлигига асос бўла олади. Энг асосийси, божхона қоидаларига риоя қилган ҳолда божхона чегарасини кесиб ўтаётган шахсларга ортиқча вақт сарфланмайди, уларни текширишга сарфланаётган вақт, куч ва воситалар “жуда юқори хавф туғдирувчи” йўловчиларга қаратилади. 

Икки йўлакли тизимда божхона ходимлари фаолиятида профайлинг усули фавқулодда вазиятларда ҳиссий ҳолатларни бошқариш ҳамда шубҳали шахсга қарши таъсир кўрсата олиш қобилиятини шакллантиради.

Шу билан бирга, хорижий давлатларнинг божхона ва хавфсизлик хизматлари чегара орқали ҳаракатланаётган жисмоний шахсларни назорат қилинадиган ҳудуд орқали имкони борича кўпроқ ҳаракатланиши ва уларнинг вербал ва новербал ҳаракатларини ўзларига сездирмасдан камералар ёрдамида алоҳида хоналардан туриб кузатиб туришларини барча ривожланган давлатларнинг халқаро аэропортларида учратиш мумкин. Шу сабабли, йўловчилар яқин йўлдан аэропортдан чиқиш имконияти бўлсада, уларга кўплаб сунъий тўсиқлар (ленталар, ойнали деворлар ва бошқа шу каби) қўйиш орқали уларни кўпроқ камералар назорати остида ушлашга ҳаракат қилинади. Ушбу  усул орқали йўловчилар кўпроқ кузатилади ва уларнинг новербал хатти-ҳаракатлари ходимлар томонидан ўрганилиб, жиноят содир этишга мойил бўлган шахс суҳбатдан ўтказилади.

Хорижда профайлинг усулини қўллаш бўйича кўп йиллик муваффақиятли тажриба ва олинган ижобий натижалар икки йўлакли тизим шароитида божхона ходимларини тайёрлашда ҳам бу усулнинг амалий фойдалилигини тасдиқлайди.

Шундай қилиб:

- профайлинг хавфсизликни таъминлашнинг усулларидан биридир, чунки у потенциал хавфли шахслар ва вазиятларни аниқлаш орқали ноқонуний ҳаракатларнинг олдини олиш имконини беради, жумладан гиёҳванд моддалар ташиш билан шуғулланувчи шахсларни аниқлашда;

- потенциал хавфли шахслар ва вазиятларни аниқлаш махсус технологиялар ёрдамида амалга оширилади, улар инсоннинг ташқи кўриниши ва хатти-ҳаракати, унинг транспорт ҳужжатлари, юки, у билан бирга бўлган нарсалар ва бошқалар каби муҳим омилларни ҳар томонлама таҳлил қилишга асосланган;

- профайлинг, ноқонуний ҳаракатларнинг олдини олиш йўлларидан бири сифатида, божхона постларида ва бошқа ҳимояланган/бошқариладиган объектлар ва ҳудудларни таъминлаш учун барча босқичларда, жойларда ва тадбирларда қўлланилиши мумкин;

- профайлинг доирасида психология методларини амалий жиҳатдан қўллаш зарур, чунки бу ерда шахслараро ўзаро таъсир жараёнларига, инсон идрокининг ташқи ва ички маълумотларни ўқий олиш қобилиятига, “кузатиш”, “тушунча”, “мулоқот” каби ҳолатларнинг шаклланиши ва ривожланишига алоҳида эътибор берилади.

Хулоса ўрнида шуни айтиш лозимки, божхона хизмати ходимлари профайлинг технологиясини ўзлаштиришлари ҳозирги куннинг энг долзарб талабларидан бири ҳисобланади. Ўзбекистон Республикасида профайлерлар хизмати ҳали жорий этилмаганлиги сабабли фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш, шубҳа уйғотувчи шахсларни аниқлашда психологик билимлар билан божхона хизмати ходимларини доимий равишда қуроллантириб бориш кераклигини даврнинг ўзи тақозо этмоқда. Шу сабабли, юқори хавфсизликни таъминлашга эришиш учун аввало психологик тайёргарлик жараёнига катта эътибор бериш лозим. Шунингдек, профайлинг усули ходимларда божхона назорати жараёнида фавқулодда вазиятларда ҳиссий ҳолатларни бошқариш ҳамда шубҳали шахсга қарши таъсир кўрсата олиш қобилиятини шакллантиришга хизмат қилади.

А.Ўринбоев
Андижон вилояти божхона
бошқармаси бош инспектори

 

 

 

26.08.2021

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг