Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Божхоначилар Ёшлар зиё маскани меҳмони бўлишди
855
Бугунги кунда юртимизда ҳар бир аҳоли қатламини китоб ўқишга, китобхонликка жалб қилиш учун қилинаётган тарғиботларнинг амалий натижасини янги, замонавий кутубхоналарнинг бунёд этилаётгани билан кўриш мумкин.
Божхоначилар Ёшлар зиё маскани меҳмони бўлишди

Наманган вилоятининг Давлатобод туманида жойлашган “Янги Ўзбекистон - ёшлар зиё маскани” ахборот-кутубхонаси ҳам фаолият бошлагандан буён аҳолининг севимли масканларидан бирига айланди. Шаҳарнинг энг кўркам биноси бўлиб турган мазкур кутубхонага келаётганлар сони кундан кунга ортиб бормоқда. Кутубхонага ошиқаётган, китобга меҳри баланд фуқароларнинг кўплиги бу албатта қувонарлидир.

Куни кеча, Наманган вилояти божхона бошқармасининг бир гуруҳ ёш ходимлари Ёшлар зиё масканига ташриф буюриб, янги кутубхонанинг фаолияти, имкониятлари билан яқиндан танишдилар. Мазкур маскан ва у ердаги мавжуд китоблар, яратилган шароитлар божхоначиларда катта таассурот қолдирди. Божхона ходимлари келгусида ишдан бўш вақтларини шу ерда китоб мутолааси билан ўтказишни айтиб, Ёшлар зиё маскани ва бошқарма китобхонлик тарғиботида доимий ҳамкорликка тайёрлигини таъкидлаб ўтдилар.

Наманган шаҳрининг Давлатобод туманида қад ростлаган “Янги Ўзбекистон - ёшлар зиё маскани” ахборот-кутубхонаси бугунга келиб чинакам илм-маърифат кошонасига айланган.

Жорий йилнинг 19 мартидан расман иш бошлаган ушбу замонавий ахборот-кутубхонасида 30 мингдан зиёд ўзбек, рус, инглиз тилларидаги турли бадиий ва илмий адабиётлар, ўқув қўлланмалар мавжуд.

Бу албатта Намангандаги замонавий кутубхонанинг имкониятларини янада ортиб боришига, бу ерга ташриф буюраётган китобхонларнинг чет эл давлатлари ҳаёт тарзи, адабиёти билан яқиндан танишиш имкониятини яратади.

Бу каби тадбирларни доимий ташкил этиш ҳамда уларда фаол иштирок этиш ходимларнинг китоб мутолаасига бўлган қизиқишларини янада оширишга хизмат қилади. Зеро, китобхонлик бугун барча соҳа вакиллари учун сув ва ҳаводек зарур.

26.08.2021

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг