Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Божхона тизимидаги ислоҳотлар товарлар айланмасининг ортишига хизмат қилмоқда
4627
Мустақиллик йилларида мамлакатимизнинг ҳар бир жабҳасида кузатилган янгиланиш ва ислоҳотлар божхона хизматини ҳам четлаб ўтмади.
Божхона тизимидаги ислоҳотлар товарлар айланмасининг ортишига хизмат қилмоқда

Божхона органлари бугун мутлоқ замонавий тусга эга бўлиб, “қоғозсиз божхона”га ўтиш пировардида “рақамли божхона” тамойили асосида юртимизнинг жаҳон ҳамжамиятига интеграциясига ўзининг фаол ҳиссасини қўшмоқда.

Ҳудудлардаги ташқи иқтисодий фаолият божхона постлари бугун мамлакатимиздаги ташқи савдо операцияларини амалга оширувчи тадбиркорлик субъектларига яқиндан кўмакдош бўлмоқда. Ушбу постлар орқали экспорт ва импортга йўналтирилган юкларнинг божхона расмийлаштируви ва назорати божхона соҳасида жорий этилган 45 та ахборот тизимлари, 30 та интерактив хизматлар ва “ягона дарча” платформасида 13 та вазирлик ва ташкилотлар билан йўлга қўйилган ахборот алмашиш тамойиллари асосида, шунингдек,  “Электрон декларациялаш” ва “Хавфни бошқариш” тизимлари ёрдамида ўз вақтида ҳеч қандай тўсиқларсиз, самарали амалга оширилмоқда.

Биргина “Қўнғирот” ташқи иқтисодий фаолият божхона пости мисолида қарасак, жорий йилнинг январь-июль ойларида пост ходимлари томонидан 8351 та божхона юк декларациялари расмийлаштирилган бўлиб, шундан 87 фоиз декларациялар - “яшил”, 9,3 фоиз - “сариқ”, 3,7 фоиз -“қизил” йўлакка йўналтирилганлиги, шунингдек “яшил” йўлакка йўналтирилган БЮДлар сони ўтган йилга нисбатан 3271 тага ортганлиги, “қизил” йўлакга йўналтирилган БЮДлар сони 2191 тага камайганлигини кўришимиз мумкин.

Бундан хулоса қилиш мумкинки, иш фаолиятини қонун талаблари асосида тўғри амалга ошираётган ҳалол тадбиркорлар томонидан тақдим этилган божхона юк декларациялари божхона назоратининг “енгиллаштирилган” ва “соддалаштирилган”  шаклларида расмийлаштирилмоқда.

Божхона соҳасида хизмат қўрсатишнинг тўғридан-тўғри мулоқотсиз замонавий интерактив шаклларининг жорий этилиши, божхона назорати ва расмийлаштируви жараёнига инсон омили аралашувининг минимал даражага келтирилиши тадбиркорлик субъектларининг вақт ҳамда ҳаражатларнинг тежалишига замин яратмоқда.

Кафель маҳсулотларини ишлаб чиқариш билан шуғулланувчи “Prime ceramics”  МЧЖнинг Испания давлатидан олиб келган кафель учун махсус гранулаларининг импорти ҳам айнан ушбу постда расмийлаштирилмоқда.

– Божхона соҳасида кейинги йилларда амалга оширилаётган ислоҳотлар биз тадбиркорлик субъектларининг ҳаражат ва вақтини тежашга катта имкон яратмоқда – дейди, корхона менеджери Алияров Анвар, – Хориж амалиётида мавжуд бўлган тизимларнинг бизнинг божхонага ҳам жорий этилиши тадбиркорлар учун энг муҳим бўлган айланма тезлигини оширишга катта ёрдам бермоқда. Товарларнинг божхона расмийлаштируви ва назорати қисқа фурсатларда амалга оширилиб, ҳеч қандай тўсиқларсиз ўз манзиллари томон йўналтирилмоқда.

Таъкидлаш жоизки, корхона томонидан жорий йил бошидан қиймати 2 миллион 279 минг АҚШ долларига тенг бўлган 3 117 тонна керамика маҳсулотлари учун гранула қопламлари “Қўнғирот” ТИФ божхона постида ўз вақтида “импорт” божхона режимига расмийлаштирилган.

Сифатли кафель маҳсулотлари билан ҳозирча ички бозор талабларини қаноатлантираётган ушбу корхона келажакда ўз маҳсулотарини экспортга чиқаришни ҳам режалаштирилган. Бунинг учун эса давлатимизда барча қулай шароитлар яратилган.

Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, бугун мамлакатимиз божхона тизимида жорий этилган ислоҳотларнинг барчаси аҳоли ва тадбиркорлик субъектлари учун қулай шароит ва имкониятлар яратиб, халқимизнинг бугунги кунидан рози бўлиб яшашига хизмат қилади.

 

26.08.2021

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг