Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Ҳудудларда тадбиркорликни ривожлантириш ҳамда аҳоли бандлигини таъминлашда божхона соҳасидаги мавжуд имтиёзлар ва қулайликлар
2616
Бугунги кунда мамлакатимизда тадбиркорлик фаолиятини янада либераллаштириш, тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб этиш, миллий маҳсулотларимизни экспорт салоҳиятини ошириш, маҳаллий маҳсулотларни ташқи бозорларга чиқариш ва тадбиркорларга қулай ишбилармонлик муҳитини яратиш борасида муҳим ислоҳотлар ўтказилмоқда.

Ҳусусан, ҳудудларда тадбиркорликни ривожлантириш ҳамда аҳоли бандлигини таъминлашда божхона соҳасида бир қатор имтиёзлар ва қулайликлар яратилмоқда.

Тадбиркорликни ривожлантириш бўйича соҳалар кесимида мавжуд божхона имтиёзларга тўхталиб ўтсак.  

Тадбиркорлик субъектларига 2020 йилда жами 36,8 трлн сўм миқдорда, 2021 йилнинг 7 ойи давомида 15,7 трлн сўм миқдорида божхона тўловларидан имтиёзлар тақдим этилган.

Хусусан, Паррандачилик соҳасида - Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 13 ноябрдаги “Паррандачиликни янада ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” ПҚ-4015-сон қарори билан паррандачилик фаолияти учун зарур бўлган асбоб-ускуналар, махсус техника, парранда озуқа ва озуқа қўшимчалари ва ветеринария препаратлари божхона божидан озод этилган.

Мазкур қарор билан 65 та тадбиркорлик субъектларига 2020 йилда 23,7 млрд. сўм, 2021 йилнинг 7 ойида 1,1 млрд. сўм божхона тўловларидан имтиёзлар қўлланилган.

Асаларичилик соҳасида - Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 16 октябрдаги “Республикамизда асаларичилик тармоғини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида” ПҚ-3327-сон қарори билан асаларичилик соҳасида қўлланиладиган инвентарлар ва ускуналар импорти божхона божидан озод этилган.

Ушбу қарор билан 23 та тадбиркорлик субъектларига 2020 йилда 721,2 млн. сўм, 2021 йилнинг 7 ойида 450,0 млн. сўм божхона тўловларидан имтиёзлар тақдим этилган.

Балиқчилик соҳасида - Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 6 ноябрдаги “Балиқчилик соҳасини янада ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” ПҚ-4005-сон қарори билан балиқчилик хўжаликлари учун балиқ увилдириғи, асбоб-ускуна, омухта ем ва минерал ўғит (аммофос) импорти божхона божидан озод этилган.

Мазкур қарор билан 31 та тадбиркорлик субъектларига 2020 йилда 7,3 млрд. сўм, 2021 йилнинг 7 ойида 51,2 млн. сўм божхона тўловларидан имтиёзлар қўлланилган.

Қоракўлчилик соҳасида - Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 14 мартдаги “Қоракўлчилик соҳасини жадал ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида” ПҚ-3603-сон қарори билан қоракўлчилик билан шуғулланаётган субъектлар ва қоракўлчилик маҳсулотларини қайта ишлаш корхоналари фаолиятида зарур бўлган материаллар импорти божхона тўловларидан озод этилган.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 11 майдаги “Республика ҳудудларини қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришга ихтисослаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” ПҚ-4709-сон қарори билан четдан олиб кирилаётган уруғлар, кўчатлар ва пайвандтаглар, минерал ўғитлар, ўсимликларни кимёвий ҳимоялаш воситалари, замонавий энергия тежовчи иссиқхоналарнинг бутловчи қисмлари, томчилатиб ва ёмғирлатиб суғориш тизимлари ҳамда уларнинг бутловчи қисмлари божхона божидан озод этилди.

Натижада, мазкур қарор доирасида 2021 йилнинг ўтган даври мобайнида 449 тадбиркорлик субъектларига 145,2 млрд. сўм божхона божидан имтиёз қўлланилган.

Тўқимачилик соҳасида - Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 5 майдаги “Тўқимачилик ва тикув-трикотаж саноатини қўллаб-қувватлашга доир кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирлар тўғрисида” ПФ-5989-сон Фармони билан тўқимачилик маҳсулотларини ишлаб чиқаришда фойдаланиладиган учун хом ашё ва бошқа материаллар импортига божхона божидан имтиёзлар тақдим этилган.

Ушбу норматив-ҳуқуқий хужжатлар доирасида 1792 та тадбиркорлик субъектларига 2020 йилда 40,1 млрд. сўм, 2021 йилнинг 7 ойида 98,6 млрд. сўм божхона тўловларидан имтиёзлар қўлланилган.

Чарм-пойабзал ва мўйначилик соҳасида - Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 8 февралдаги “Чарм-пойабзал ва мўйначилик соҳаларини янада ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” ПҚ-4982-сон қарори билан чарм маҳсулотларини ишлаб чиқариш учун зарур хом ашё, материаллар ва фурнитура, шунингдек, асбоб-ускуналар импорти божхона божидан озод этилган.

Мазкур қарор доирасида 21 та тадбиркорлик субъектларига 2021 йилнинг 7 ойида 51,6 млн. сўм божхона тўловларидан имтиёзлар қўлланилган.

Транспорт ва логистика соҳасида - Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 6 мартдаги “Юк ва йўловчи ташиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” ПҚ-4230-сон қарори билан юк ташиш учун мўлжалланган транспорт воситалари божхона божидан озод этилган.

Ушбу қарор билан тадбиркорлик субъектларига 2231 та тадбиркорлик субъектларига 2020 йилда 360,6 млрд. сўм, 2021 йилнинг 7 ойида 675,4 млрд. сўм божхона тўловларидан имтиёзлар тақдим этилган.

Туризм соҳасида - Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 3 февралдаги “Ўзбекистон Республикаси туризм салоҳиятини ривожлантириш учун қулай шароитлар яратиш бўйича қўшимча ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида”
ПФ-5326-сон Фармони меҳмонхоналар, тематик хиёбонларини қуриш, жиҳозлаш учун олиб келинадиган материал ва асбоб-ускуналар ҳамда йўловчи ташиш учун мўлжалланган транспорт воситалари импортига божхона божидан имтиёзлар тақдим этилган.

Ушбу қарор билан 1951 та тадбиркорлик субъектларига 2020 йилда 959,7 млрд. сўм, 2021 йилнинг 7 ойида 135,4 млрд. сўм божхона тўловларидан имтиёзлар тақдим этилган.

Электротехника соҳасида - Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 13 февралдаги “2017-2021 йилларда электротехника саноати бошқарувини жадал ривожлантириш ва диверсификациялашни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” ПҚ-2772-сон ҳамда 2019 йил 30 майдаги “Электротехника саноатини янада ривожлантириш учун қулай шарт-шароитлар яратиш ва тармоқнинг инвестициявий ҳамда экспорт салоҳиятини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” ПҚ-4348-сон қарорлари билан электротехника маҳсулотларини ишлаб чиқариш учун зарур хом ашё, материаллар ва асбоб-ускуналар импорти божхона тўловларидан озод этилган.

Ушбу қарорлар билан 90 та тадбиркорлик субъектларига 2020 йилда 559,2 млрд. сўм, 2021 йилнинг 7 ойида 178,6 млрд. сўм божхона тўловларидан имтиёзлар тақдим этилган.

Наслчилик ва чорвачилик соҳасида - Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 3 мартдаги “Чорвачилик тармоқларини давлат томонидан янада қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” ПҚ-5017-сон қарори билан тадбиркорлик субъектлари томонидан айрим товарлар Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кирилганда уларни олиб киришда ҳисобланган қўшилган қиймат солиғини тўлаш муддати 180 кунга узайтириш имконияти тақдим этилган.

Ўтган давр мобайнида ушбу қарор билан жами 6,5 млрд сўм қўшилган қиймат солиғини кечиктириб тўлаш бўйича тадбиркорлик субъектларига қулайликлар берилган.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Республика ҳудудларда мебелсозлик саноатини ривожлантиришга қаратилган чора-тадбирлар тўғрисида”ги 2021 йил 21 июндаги ПҚ-5155-сон қарори билан мебель ишлаб чиқаришда фойдаланиладиган хомашё, эҳтиёт қисмлар, фурнитура ва аксессуарлар импортида божхона божини тўлашдан озод этилди.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Узумчиликни ривожлантиришда кластер тизимини жорий этиш, соҳага илғор технологияларни жалб қилишни давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги 2021 йил 28 июлдаги ПҚ-5200-сон қарори билан узумчилик ва виночилик соҳасида қўлланадиган хом ашё, ускуналар, махсус техникалар, эҳтиёт қисмлар импортида божхона божини тўлашдан озод этилди.

Шу билан бирга, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Республика ҳудудларида гулчилик ва кўчатчилик соҳаларини янада ривожлантириш тўғрисида”ги 2021 йил 4 августдаги ПҚ-5209-сон қарори билан гулчилик ва кўчатчилик соҳалари учун гулларнинг қаламчалари ва бошқа уруғлари импортида божхона божини тўлашдан озод этилди.

Бугунги кундаги пандемия ва глобал инқироз даврида тадбиркорлик субъектларига янада кенг имкониятлар яратиш ва уларни қўллаб-қувватлаш ҳамда ишлаб чиқаришни тўхтаб қолишини олди олинмоқда.

- жорий йилда импорт қилинган 391,6 млн $ 23 турдаги озиқ-овқат ҳамда тиббий-гигиеник воситаларга имтиёзлар қўлланилган ҳолда импорт қилиниши натижасида 207,5 млрд. сўмлик маблағлар тадбиркорлик субъектлари ихтиёрида қолдирилди.

Бундан ташқари, бугунги кунда тадбиркорлик субъектларига егилликлар яратиш мақсадида божхона органлари томонидан бевосита божхона расмийлаштируви вақтида тўланиши лозим бўлган божхона тўловларини кечиктириб ва бўлиб-бўлиб тўлаш амалиётидан кенг фойдаланилмоқда.

Бунинг натижасида, божхона тўловларини кечиктириб ёки бўлиб-бўлиб тўлаш имкониятидан фойдаланувчи ташкилотлар сони ва кечиктирилган божхона тўловлари суммаси ўтган йилларга нисбатан бир неча баробарга ошганлигини кўришимиз мумкин.

Жумладан, 2019 йил давомида ташқи иқтисодий фаолият иштирокчилари 408,3 млрд. сўм миқдоридаги божхона тўловларини кечиктириб ёки бўлиб-бўлиб тўлаш имкониятидан фойдаланган бўлса, 2020 йил давомида мазкур кўрсаткич 1,6 трлн. сўмни ташкил қилди.

Шу билан бирга, 2021 йилнинг ўтган даврида тўлаш муддати узайтирилган божхона тўловлари 1,7 трлн. сўмни ташкил қилиб, ушбу кўрсаткич жорий йил якунига қадар 3,0-3,5 трлн. сўмни ташкил қилиши кутилмоқда.

Давлат божхона қўмитаси томонидан тадбиркорлик субъектларига қўлайликлар яратиш, уларнинг вақти ва маблағ ҳаражатларини қисқартириш мақсадида, уларга божхона органлари томонидан кўрсатиладиган интерактив хизматларни доимий равишда такомиллаштириб бормоқда.

Жумладан, жорий йил ДБҚ томонидан “ТИФ иштирокчисининг дастлабки пул маблағлари” интерактив хизмати ишга туширилди.

Хизмат ташқи иқтисодий фаолият иштирокчиларига қуйидаги имкониятларни тақдим этади:

  • божхона органлари ғазна ҳисобварақларида мавжуд дастлабки пул маблағларини бир ҳудудий бошқармадан иккинчи ҳудудий бошқармага ўтказиш;
  • тўловчи ва божхона органи ўртасидаги ўзаро ҳисоб-китоблар бўйича солиштириш далолатномасини олиш;
  • божхона тўловлари бўйича қарздорлиги мавжуд эмаслиги юзасидан маълумотнома олиш; 
  • “U-Pay”, “Click”, “Payme”, “UzCard”, “Paynet”, “Milliy”, “Oson”  тўлов тизимлари орқали пул маблағарини божхона тўловлари учун тўлаш имконияти яратилди.

 

Илҳом Пардаев,

ДБҚ "Божхона тўловлари" бошқармаси бош инспектори

25.08.2021

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг